Сенат Раиси COVID-19 пандемиясига қарши курашишда аёллар фаоллигига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди

03:56 23 Май 2020 Сиёсат
72 0

2020 йил 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Нарбаева БМТ-аёллар тузилмаси томонидан ташкил этилган халқаро видеоконференцияда иштирок этди.

Мазкур ташкилотнинг минтақалардаги мувофиқлаштирувчилари, 10 дан ортиқ мамлакатнинг вакиллари юксак савиядаги мулоқот иштирокчилари бўлдилар. Улар дунёнинг турли минтақаларида COVID-19 пандемиясига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида сўзлаб бердилар.

Учрашувда таъкидланганидек, пандемия дунёнинг деярли барча минтақаларида гендер муаммоларни жиддийлаштирди. Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳолати ёмонлашиб бораётгани, аёлларга нисбатан уй шароитида зўравонлик ва камситишнинг турли шакллари кўпаяётгани билан боғлиқ масалалар нафақат ривожланаётган мамлакатларни, балки жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларини ҳам ташвишга солди. Шу муносабат билан пандемия туфайли келиб чиққан бундай муаммоларга эътибор қаратиш алоҳида аҳамият касб этди, бу эса шу каби учрашувлар ўтказиш учун асос бўлди.
 

Онлайн конференцияда Сенат Раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқди ва иштирокчиларни коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган миллий дастур амалга оширилаётгани, пандемия даврида аҳолини ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича инқирозга қарши чоралар, шунингдек хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинаётган амалий чора-тадбирлар ҳақида хабардор қилди. Хусусан, таъкидланганидек, мамлакатимизда Республика махсус комиссияси ва Инқирозга қарши жамғарма тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳолини ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, тадбиркорларга имтиёз ва преференциялар беришга қаратилган 12 та фармони ва қарори қабул қилинди. Халқимизнинг энг яхши фазилатлари, ўзаро ёрдам ва ғамхўрлик кўрсатишга интилиши “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида ўз аксини топди. Давлат коронавирусга чалинганларни бепул тестдан ўтказиш, даволаш ва реабилитация қилишни ўз зиммасига тўлиқ олганлигига алоҳида урғу берилди. Айнан қатъий ва таъсирчан чоралар туфайли вазият қисқа муддатда назоратга олинди ва касалланганларнинг 80 фоизидан зиёдининг соғлиғини тиклашга муваффақ бўлинди.

Танзила Нарбаева Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси ишларига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, карантин даврида Ўзбекистон хотин-қизлари ёлғизлатиб қўйилмади. Бандликни таъминлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, болали аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича миллий лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш, нафақа олувчилар тоифаси ҳамда сонини ошириш пандемия даврида Ўзбекистон Республикасининг бош устуворлиги бўлди. Уйдаги зўравонликнинг олдини олиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу маънода видеоконференция иштирокчилари Ўзбекистонда сўнгги уч йилда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳақида хабардор қилинди. Ҳимоя ордери тўғрисида низом қабул қилинди. Карантин даврида тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг мурожаатлари асосида ички ишлар органлари томонидан 375 та ҳимоя ордери расмийлаштирилди.

Конференцияда Авлодлар тенглиги форуми ва Ҳаракатлар коалицияси форуми томонидан ишлаб чиқилаётган 2030 йилгача гендер тенгликни таъминлаш бўйича “йўл харитаси” хусусида Ўзбекистон томонининг таклифлари билдирилди. Хусусан, пандемия такрорланишининг олдини олиш бўйича халқаро даражада чоралар кўриш таклиф этилди. Уйда аёлларга нисбатан зўравонлик ва камситишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мунтазам тажриба алмашиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг, айниқса қишлоқ жойлардаги хотин-қизларнинг бандлигини ва ўзини ўзи банд қилишни таъминлаш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш дастурларини ишлаб чиқиш муҳимлигига урғу берилди. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш соҳасидаги чора-тадбирларни БМТ томонидан қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилди.

Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш, электрон савдо майдончаларини яратиш дастурларини татбиқ этиш ва улардан фермер хўжаликлари ҳамда кичик корхоналарнинг раҳбар-аёллари кенг фойдаланишини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Видеоконференцияда БМТ Бош котиби ёрдамчиси Аса Регнер Ўзбекистоннинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш миллий дастурининг юқори самарадорлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. “Ўзбекистон раҳбарияти пухта ўйланган комплекс чора-тадбирлар туфайли имкон қадар қисқа муддатда коронавирус инфекцияси тарқалишини тўхтата олди. Ўзбекистон пандемия даврида аҳоли ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича тўғри ва тиббиёт нуқтаи назаридан асослантирилган инқирозга қарши қарорлар қабул қилди”, – деди Аса Регнер.

Видеоконференция якунида иштирокчилар томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?