«Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!»

18:29 27 Август 2020 Сиёсат
1935 0

Бу йилги Ватан Мустақиллигини тинчлик, осойишталигимизга шукроналар келтириб, «Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган улуғвор шиор остида нишонлаяпмиз. Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида истиқлолимизни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда нуфузга эга бўлиш ва албатта, ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олиш учун мисли кўринмаган ишлар амалга оширилди ва бу борада юзлаб лойиҳалар татбиқ этилди.

Келинг, энг муҳимларини санаб ўтайлик:

-халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши орқали аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича принципи жорий этилди;

-давлат хизматлари агентликлари орқали хизмат кўрсатиш тизимидаги қулайликлар ва янгиликларга эришилди;

-ҳаракатлар стратегиясини амалда таъминлаш чоралари кўрилмоқда;

-маҳалла тизимига янгича имкониятлар берилди;

-ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб маблағ ажратилди;

-жамоатчилик палатаси ташкил этилди;

-ёшлар парламенти фаолият бошлади.

Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Буларнинг барчаси инсон омилини юксакларга кўтариш, халқимиз ҳаётини яхшилаш, ўтаётган ҳар бир кунидан рози қилиш, кайфиятини кўтариш, энг асосийси, ҳар бир соҳада, йўналишда амалга оширилаётган ишларимизда адолат мезонлари таъминланишига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш лозим, бу йил юртимиз учун анча оғир келди. Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида кучли шамол ва ёмғир оқибатида иқтисодий тармоқлар, биринчи навбатда энергетика, ижтимоий соҳа, кўп қаватли уй-жой фонди, якка тартибдаги аҳоли хонадонлари, маданий мерос объектлари, қишлоқ хўжалиги экинлари катта талофат кўрди. Юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун давлат бюджетидан 100 млрд. сўм ажратилди.

Сирдарё вилоятининг «Сардоба» сув омборида содир бўлган сув тошқини оқибатида 70 мингга яқин фуқарони эвакуация қилишга тўғри келди.

Ҳар иккала талофат бўйича мамлакат раҳбарининг ҳудудларга бориб аҳоли билан учрашгани ва уларнинг турмуш тарзини тиклаш учун зарур бўлган кўрсатмаларни бергани барча учун ўрнак бўлди. Кўрилган зарарни қоплаш, аҳоли турар жой объектларини қуриш учун давлат бюджетидан 1,5 триллион маблағ йўналтирилди.

Албатта, бу жараёнларда халқ вакиллари – депутатлар ҳам фаол иштирок этиб, республикамизнинг барча аҳолисини жалб қилган ҳолда ўзларининг ижтимоий кўмакларини беришди, далда бўлишди, бирдамликларини исботлашди.

Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган ва инсонлар саломатлиги, иқтисодий ўсишига жиддий зарар етказаётган пандемия минг афсуски, мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Март ойида бошланган карантин ҳали-ҳануз аҳоли учун бир қанча ноқулайликлар ва хавотирларни келтириб чиқармоқда. Касаллик тарқалишининг олдини олиш, аҳолини вирусдан ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш ва ривожлантириш, пандемиядан касалланганларни даволаш учун жой ҳозирлаш ва керакли тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш, ишчи-ходимларнинг маошини сақлаб қолган ҳолда масофадан туриб фаолият олиб боришларини таъминлаш учун қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Молия вазирлигининг ҳисоботига кўра, биргина соғлиқни сақлаш тизимида пандемия хавфини пасайтириш учун 50 триллиондан ортиқ маблағ сарфланди. Бундан ташқари аҳолига ижтимоий кўмак бериш мақсадида «темир дафтар», «камбағалликни қисқартириш» каби кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди.

Йил қанчалик оғир келмасин эришилган ютуқлар, иқтисодий ривожланиш, ишлаб чиқариш ва аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ҳам салмоқли бўлди. Ҳар бир ишимиз, ҳаётимиз, келажагимиз ишончли ҳимоя қилинаётгани, тақдиримиз эътиборда экани бизга куч беради, қудратимизни оширади, янги-янги ташаббусларга ундайди.

Истиқлол шукуҳи барчамизга кўтаринкилик улашиш билан бирга, олдимизда ҳали узоқ йўл борлигини, мана шу йўлда бирдамлигимиз, бирлигимиз ва халқпарварлигимиз билан мардонавор қадамларни бирга босиб, кўплаб ютуқларимизга қанот бўлишини бот-бот эслатиб турибди. Шу боис, ҳар йили бу санани энг азиз, энг мўътабар, қадрли, бетакрор байрам сифатида кенг нишонлаб келамиз.

Умида РАҲМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?