“Сен баҳорни соғинмадингми?”

11:07 17 Февраль 2020 Маданият
466 0

Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева билан суҳбат

– Ойдин опа, Ватанни мадҳ этмоқ ҳар бир ижодкор учун олий саодат. Шеъларингиз Бухоронинг қайноқ қучоқлари, тўлқинларнинг шиддати, ғунчаларнинг очилиши, алвон капалаклар рақси, мажнунтолларнинг шовуллашларию товонни куйдиргувчи чўлларнинг қайноқ тафти дастлаб ўқувчига сирли, ғаройиб ва жумбоқ бўлиб туюлади... Бу синоат илдизи қаерда?

– Болалигим кенгликлар, адирлар бағрида кечган. Қизилтепа туманининг Муллатош қишлоғидаги зарангликларда мол боқиб, тўрғайларни тинглаб дилимга ажиб сурур кирарди. Хаёлимда ўша тепаликларда эртакларнинг қаҳрамони яшагандек туюларди. Зарафшон дарёсининг кўкалам қирғоқларида қамишзорлар сероб эди. Жингилзорлари чодир-чатма бўлиб ётарди. Ўша зарангликларда ёвшанлар одамнинг бошини айлантиргудек хушбўй, ўткир ҳид таратарди. Ёвшанлар тагида онам айтиб берган эртаклардаги тустовуқларнинг тилла тухумлари борга ўхшарди. Зарафшоннинг сап-сариқ сумалакдай сувларига термулардим. Айни пешин, қушлар ўзини инига урган, чўпон-чўлиқлар ертўлаларга салқинлаш учун кирган чоғларида кимсасиз соҳилда узоқ ўтирардим. Дарёдан пари қизлар сочларини тараб чиқадигандек уларни кутардим. Пари қизларнинг қўйнида сеҳрли китоби бўлади. Ўша китобни олиб ўқисанг, орзуларинг ижобат топади, дердилар онам. Гарчанд “Бўстон” аталса-да, қишлоғимизда гулзорлар кам эди. Жийда дарахти кўп эди. Тупроқ йўлда оёқяланг юрган дамларимни соғинаман. Қишлоқнинг пахса уйлари пастак-пастак, бир-бирига қалдирғоч уясидек туташиб кетганди. Уйлар орасида ҳовлиларга элтгувчи узун йўлаклар бўларди. Дов-дарахтлар камлигидан соя излаб, ана шу деворларнинг кафтдеккина салқинида қизлар билан турли ўйинлар ўйнардик: “Тўптош”, “бештон”, “хона-хона”, “тош яширар”, “сутми-қаймоқми”...

Баҳорда варакбозлик, чиллик ўйинлари қизир эди. Ўғил болаларга қўшилиб, чилликдастани қарсиллатиб “чиллик бола”ни учирардик. Ана шунда дугоналаримнинг – кўпчилиги отасидан эрта айтилган қизалоқларнинг – шодон қийқириқлари орасида маҳзун қўшиқларни тинглагандек бўлардим. Ўзим ҳам отамдан эрта – икки ярим яшарлигимда айрилиб қолганман. Болаликнинг ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган ота соғинчи, интизорлик, даштлардаги ҳар қўрғондан мўъжиза кутганим, балки юрагимга шеърият сеҳрини солгандир. Балки Зарафшоннинг бугунги кунда саёз тортиб қолган сувлари юрагимга гўзал таассуротлар бўлиб қуйилиб қолгандир.

– Сўз – илоҳий неъмат. Баъзи шеърларингизда ҳаёт мазмуни, ғамингиз, ҳайрат ва шодлигингиз олдиндан сезиб ёзилгандек. Аслида шоирлик бахтми?

– Ҳар қандай инсонда барибир ғайбдан ҳис қилиш туйғуси бўлади. Инсоннинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам тасодифий эмас. Тақдир тақозоси билан ҳаётимда хатарли кунлар бўлган. Ҳеч қачон ойлаб тўшакка михланиб ётаман, ойни, офтобни, йўлларни, синглимдай бўлиб қолган капалакларни бошқа кўрмайман деб хаёл қилмаганман. Бироқ... шундай кунлар бўлганки, деразамдан офтоб мўралашини, тўлин ойнинг нур таратишини қайта кўраманми, деган армонли кунларим... Агар соғайиб кетсам, ўз оёқларим билан юра олсам, майсазорларга чиқсам, ўтлоқларнинг у бошидан-бу бошигача юмалаб-юмалаб капалак қувлашни орзу қилган кечаларим бўлган. Бошимда дуо ўқиб, соғинчимни Аллоҳдан кутган онам ва яқинларимнинг кўзларидаги илинжни кўрганимда яхши кунлар келади, деб ишонганман. Агар шундай кунлар келса, умрим борича яхшилик қилиб яшашга, ҳаётимни савоб ишларга тикишга, шеърга умримни бахшида этишга ўзимга сўз берганман. Агар ҳозир бир нарсадан ранжиб қолсам, ногоҳ ўша оғир кунларимни эслайман-да, – тавба тазарру этаман. Бир шеъримда ёзганман:

Шеърим асраб қолган кўнгилда,

Кечиб тизза бўйи қорларни.

Ҳамон илдам кетиб боряпман,

Оловларга ташлаб зорларни...

Эсимда, биринчи “Шабнам” шеърий тўпламим чиққанида онамга олиб борганман. Онам китобчани юз-кўзларига суртиб йиғлаб юборганлар. Бачам, отангиз ўн битта ўғлини ерга берди. Беш қизим қолди. Ўғилларим йўқ, номим ўчиб кетади, деганди. Мана, энди отангизнинг номи ўчмайдиган бўлибди. Худога шукур.

Бу тушлар шунчалар илоҳий, шунчалар сирлики, улар Аллоҳ ва инсон орасидаги сирдан воқиф этади. Кўпинча тушларимда шеърлар ёзаман. “Шукрона”, “Ижобат” шеърларим, “Нажот” достонимнинг “Хатар водийсидан афсона” воқеасини тушимда кўриб, ёзганман.

– Севимли шоирамиз Зулфияхонимнинг меҳри сизга бўлакча бўлган...

– Ҳаммамизни яхши кўрардилар. Зулфия опа билан тўққиз йил ишладим. У киши бизга онадек меҳр кўрсатардилар. Тушкунликка тушганимизда кўнглимизни кўтарардилар. Зулфияхонимнинг уйларига тез-тез бориб турардик. Мушоира қизигандан-қизирди. Устоз одатда бизни эшитардилар. Ҳамид Олимжон ҳақидаги гўзал хотираларни гапириб берардилар.Пойтахтимизда Зулфияхонимга ўрнатилган ҳайкал барчани тўлқинлантириб юборди. Мана шунинг ўзи устозга берилган юксак эътибор намунаси эмасми?

– Ёшлар ижодидан қониқасизми?

– Ёшларга ҳавасим келади. Уларнинг илк қадамларидаёқ ҳеч кимга ўхшамаган ўзликлари бор. Бир пайтлар Шарифа Салимова, Қутлибека, Хосият, Фароғат, Фарида Афрўз, Дилбар Бону, Энахон, Муҳтарама, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзоларни ёш шоиралар дердик. Булар ҳозир етук шоиралар. Соҳибжамол шоирамиз Хосият Рустамованинг шеърини ўқисам, мусаввир чизган тасвирий санъат асарларини томоша қилгандек бўламан. Ҳар бир тасвирида ҳаётнинг ажиб сеҳри, нозик манзаралари акс этади. Хонадонимга невараларим келишса, Хосият Рустамованинг “Уйимда эмаклаб юрибди севинч...” деган сатрини такрорлаб қўя қоламан. Бугунги ёшлар шеъриятида ҳам ўзгача нафислик намоён бўлади. Булар: Манзура Шамс, Ойгул Асилбек қизи, Гулбаҳор, Зумрад, Гулчеҳра, Наима Абдураҳмонова... Эҳ-ҳе уларнинг яна қанчаларини эътироф этиш мумкин... Жаннатмакон устозим айтганларидек:

“Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали”

– Ҳазрат Бобур:

“Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,

Оёғингга тушиб барги хазондек неча бор ёлвордим...”

дея ёзганидек бугунги хотин-қизларда сарвдек саркашлику ошиқларни пойига хазондек тўкувчи виқор, сирлилик, гўзал феъл-атвор қай даражада?

 Ражаббиби опам айтардилар: отам, оилам, бола-чақам деб ҳаммоллик, даллолик, новвойлик, ҳофизлик, пахсакашлик ҳам қилиб бизни боққан бўлса, энг оғир лаҳзаларда онам зеб-заварини сотиб, рўзғорга сарфлаган. Баъзи аёллар арзимаган қийинчиликларни деб рўзғорини барбод қилмоқда. Бунга кўпроқ баъзи бир боқибеғам эркаклар сабабчи, деб ўйлайман. Қўлини шоп қилиб, эркакчасига сўкиниб гапиришдан ўзини тиёлмайдиган аёлларни кўрсам, хижолат тортаман. Бугун оила машаққатини эр-хотин баробар тортадиган давр келди. Оила иқтисодини мустаҳкамлаш учун икки ёқлама ҳаракат керак.

Ҳукуматимиз ёш оилаларни, ёшларни яхшигина қўллаб-қувватлаб турибди. Оилада фарзанди ризқидан чегириб, йиғиб-йиғиб, 10 йил тўплаганини бир кунлик тўйга сочаётганлар қанча! Болаларига компьютер олиб берса, турли тўгаракларга қатнаштирса, тил ўргатса, миллат, халқ юксалади. Маишатпарастлик, латтапарастлик деган касалдан қачон ҳоли бўлар эканмиз, деб кўп ўйлайман.

Аввало, аёлларимизни маънавиятини юксалтиришимиз зарур. Ахир маърифатли аёл миллатни кўтаради.

– Баҳор юрагингизда неларни шивирлаётир?.. Кўкламни соғинмадингизми?

– Сиймонлар кўксини ёриб майса– ниш,

Баҳор қудратига айтади олқиш.

Қафасдан чиқ, Юрак– ҳур қиролича,

Қурбинг йўқми ахир майса ҳолича?

Момоларимиз бекорга майсани “омонлиқ-эсонлиқ”, дея кўзларига суртмаган. Яшил оламга етганинг учун севинасан. Болаликнинг яшил адирларига чиққандй бўласан гўё. Қамиш “қовурғали” варракларга қўшилиб, қалбинг учиб кетай, дейди. Райҳонларнинг бахмал баргларини юзларингга суриб, ҳаётга шукрона айтгинг келади. Ёруғ дунё қанчалар ширин, дейсан. Арчаларнинг этакларида бинафшалар нафармон юлдузлардек кўзингизни олади. Болалик ҳайратинг ўлмаганига, баҳорни жисму жонингда ҳис қилаётганингга суюнасан киши. Ана шу туйғулар юрагингни тўлдириб турганининг ўзи катта бахт.

Адиба УМИРОВА,

“Халқ сўзи” суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?