Селдан жабрланган қумқурғонликларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

14:46 22 Май 2018 Жамият
590 0
Фото: fvv.uz

Шу йилнинг 18 май куни соат 15.45 ларда ёққан кучли ёғингарчилик оқибатида Қумқўрғон туманининг “Элобод”, “Азларсой”, “Янгишаҳар”, “Давлатсой”, “Боғаро”, “Ҳуррият”, “Оқтом”, “Ариқошган”, “ Тайфанг”, “Наврўз” маҳаллалари ҳудудида турли даражадаги сув тошқини содир бўлди.

Қумқўрғон туман ҳокимлигида сел оқими оқибатларини бартараф этиш бўйича Қумқўрғон туман ҳокими раҳбарлигида тезкор штаб ташкил этилди. Штаб таркибига ФВБ, ИИБ, туман коммунал хизматлар ва бошқа тегишли тегишли идоралар вакиллари киритилган. ИИБ ходимлари жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишларига сафарбар этилган.

“Сурхондарёозиқовқат маҳсулотлари”корхонаси томонидан сел оқибатида зарар кўрган “Элобод”, “Багара”, “Азларсой” ва “Янги шаҳар” маҳаллаларидаги 124 та хонадонга 124 қоп ун, 1240 килограмм гуруч, 620 литр пахта ёғи, 600 килограмм пиёз маҳсулотлари етказиб берилди.

Сел оқибатларини бартараф этишга сафарбар қилинган техникаларга “Термизнефтбаза” МЧЖ Қумқўрғон филиали ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бермоқда. Селдан зарар кўрган ҳудудлардаги 15,1 километр масофадаги газ қувури қайта монтаж қилиниб, 1647 та аҳоли хонадонлари табиий газ, 147 та хонадон эса ичимлик суви билан таъминланди.”Қумқўрғон туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси ходимлари ёғингарчиликлар натижасида  М-41 ( Бишкек Душанбе-Термиз) халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 1535-1536 километрлари лойқа қоплаб қолган йўлларни тозалаш ишларини бажаришмоқда. 4Р-104 ( Қумқўрғон—Кофрун-Бойсун) давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлининг селдан зарар кўрган 1-6 километри оралиғида ҳам лойқа қатламни тозалаш ишлари жадал олиб борилаяпти.

Туманнинг “Багара”, “Азларсой”, “Элобод” маҳаллалари ҳудудидаги 5 километр масофадаги ирригация тармоқлари лойқадан тозаланмоқда. Термиз минтақавий темир йўл узели томонидан “Қумқўрғон—Қудуқли” йўналиши бўйича селдан талофат кўрган темир йўлнинг 6-9 километрларида таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари хонадонларни лойқадан тозалаш ишларига жалб этилган. Туманнинг “Янги шаҳар” маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг ертўласидаги сувларни ташиб чиқарилмоқда. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига жамоат ташкилотлари жалб этилди. Аҳоли ўртасида қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. Шифокорлар селдан талофат кўрган маҳаллалар аҳолиси соғлигини узлуксиз равишда назорат қилиб туришибди.

Сурхондарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерали Эрназаровнинг қайд этишича, сел оқибатида маҳаллалардаги қатор уйларга сув тошиб кирди, ўз вақтида олиб борилган тезкор-ташкилий тадбирлар натижасида 3300 нафарга яқин фуқаролар зудлик билан яқин қариндошлариникига эвакуация қилинди. Қутқарувчилар томонидан “Элобод” маҳалласининг Чашка қишлоғида уйларида қолиб кетган 4 нафар қария ва 15 нафарга яқин болалар қутқарилди. Юзага келган сел оқибатларини баратараф этиш ишларига 30 нафар ФВБ ходимлари ва 6та техника жалб қилинди. Шу кунларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмлари ҳам тошқин содир бўлган ҳудудлардан аҳолининг товар моддий бойликларини олиб чиқиш, тошқиннинг салбий оқибатларини бартараф этиш ва талофат кўрган уйларни бузиб олиш ишларини амалга оширишмоқда.

Нормурод ТЕМИРОВ
Сурхондарё вилояти бўйича мухбиримиз


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар