Секторлар фаолияти кучайтирилди

23:17 12 Февраль 2019 Жамият
838 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи ONLINE”

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда аҳолининг муаммоларини жойида, туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этишни таъминлашга қаратилган яхлит тизим яратилди.

Ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Аммо айрим объектив ва субъектив омиллар мазкур тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатди. Хусусан, учта сектор раҳбари – прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари ўз секторида аниқланган муаммоларни ҳал этиш, сектор штаби фаолиятини тизимли асосда йўлга қўйиш мақсадида ташкилотлардан вакилларни жалб этиш, фаол ишлаганларни рағбатлантириш бўйича зарур ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий ваколатларга эга эмас эди. Қолаверса, аниқланган муаммоларни республика даражасида умумлаштириш, уларнинг ҳал этилишини назорат қилиш бўйича шаффоф тизим йўлга қўйилмаганди.

Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда секторлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 8 январда давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор асосида секторлар фаолияти учун масъул бўлган тузилмалар, шу жумладан, ички ишлар органларининг секторлар бўйича фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Жумладан, секторлар фаолиятига “туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили жорий этилди. Унга кўра, ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларида секторлар бўйича вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилади.

Буни учинчи сектор мисолида кўрадиган бўлсак, ички ишлар органларига қарашли секторлар ҳудудида жами 2 минг 280 фуқаролар йиғини, 1,5 миллиондан зиёд хонадон жойлашган бўлиб, уларда 9 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Ички ишлар вазирлиги вилоят ва туман учун, вилоят даражасидаги ички ишлар ҳудудий органлари эса туман ва шаҳарлардаги секторларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш учун масъул. Бу республика сектор раҳбари ҳар бир тумандаги ўзларининг секторлари фаолияти самарадорлиги учун шахсан жавобгар бўлишини англатади.

Ушбу тизимни ички ишлар органлари тизимида тўлақонли жорий қилиш ҳамда учинчи сектор фаолиятини янги талаблар асосида ташкил этиш мақсадида 2019 йил 22 январда ички ишлар вазирининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган секторлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғи билан мазкур йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштирувчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Унинг функционал вазифалари тасдиқланди ҳамда ишчи органи сифатида Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департаментининг Ташкилий-назорат бошқармаси белгиланди.

Қарор ижросини таъминлаш ҳамда учинчи сектордаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида жойларда 1,5 мингга яқин кичик ишчи гуруҳ тузилди. Гуруҳларга 4,5 мингдан зиёд ходим ва мутахассис жалб қилинди.

Гуруҳлар томонидан февраль ойининг биринчи ҳафтасида 12 минг 466 хонадонга кириб борилди. Уйма-уй юриш асносида 13 минг 716 муаммо аниқланиб, улардан 1,5 мингга яқини жойида ҳал этилди, қолганларини ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Қарор асосида секторлар штаби мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Яъни сектор штаби қандай тузилма экани, ҳуқуқий мақоми, вазифалари, унинг таркибига қайси ташкилотлардан вакиллар кириши билан боғлиқ қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқ бартараф этилди.

Янги нормага кўра, сектор штаби сектор аъзолари ишини мувофиқлаштириш ҳамда умумлаштириш мақсадида ташкил этилади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар секторларига 24 ҳамда туманлар (шаҳарлар) секторларига 19 ташкилотдан вакиллар киритилади.

Аҳамиятли жиҳати, сектор раҳбарининг ваколати кенгайтирилди. Улар ўз ҳудудида аниқланган муаммоларни молиялаштириш бўйича сўровлар киритиш ҳуқуқига эга бўлди. Сектор раҳбарларининг сўровлари тегишлича Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари Кенгашларида муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларига киритилмаган, ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар учун биринчи навбатда маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, сектор раҳбарлари штаб аъзоларини рағбатлантириш ва уларни жавобгарликка тортиш учун ҳокимликка ҳамда иш берувчи ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритадиган бўлди. Қолаверса, секторлар штаби аъзоларини бириктириш ва алмаштириш тўғрисидаги идора ва ташкилотларнинг таклифи сектор раҳбари билан келишилиши тартиби белгиланди.

Шунингдек, сектор раҳбари ҳар ҳафтада сектор штаби аъзоларининг сектордаги ҳамда уларга бевосита бириктирилган маҳаллалардаги фаолияти юзасидан ахборотини эшитади. Буларнинг барчаси сектор раҳбарига сектордаги фаолиятни самарали ташкил этиш учун муҳим бўлган ташкилий ва молиявий имкониятларни беради.

Штаб аъзолари фаолиятини ташкил этишда ҳам бир қатор муҳим янгиликлар жорий этилди. Хусусан, сектор штаби аъзолари сектордаги ҳамда ўзларига бевосита бириктирилган маҳаллалардаги фаолияти юзасидан ҳар ҳафта сектор раҳбарига ахборот беради. Эндиликда штаб аъзолари сектор раҳбари қарори билан маҳаллалар бўйича секторнинг муайян ҳудудига бевосита бириктирилади.

Шу тариқа штаб аъзолари бундан буён икки йўналишда иш олиб боради: биринчидан, сектор аъзолари секторда ўзлари мансуб бўлган идора ва ташкилот фаолияти йўналиши бўйича муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўради; иккинчидан, сектор аъзолари бириктирилган маҳаллаларда барча йўналишдаги муаммоларни ҳар чоракда камида бир маротаба уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни тўлиқ ўрганиш ва қайд этиш орқали аниқлаш ҳамда ҳал этиш чораларини кўради.

Сектор штаби фаолиятини доимий асосда ташкил этиш мақсадида жамоатчилик асосида сектор штаби котиби фаолияти йўлга қўйилди.

Бунда котиб асосий иш жойидан ажратилиб, лавозим маоши сақлаб қолинади ҳамда лавозим маошига 50 фоизгача устама ҳақ белгиланади. Котиб секторлар фаолиятини ташкил этиш, бу борадаги ҳисоботларни шакллантириш ва юритиш, мурожаатларни ўз вақтида қайд этиб бориш, “йўл харитаси”га киритиш учун таклифларни умумлаштириш, ташкилий мувофиқлаштириш, сектор раҳбарига сектордаги вазият бўйича мунтазам ахборот бериб бориш ҳамда республика ягона тизимлаштирилган электрон ахборот тизимига маълумотларни киритиш каби вазифаларни бажаради.

Котиб, шунингдек, ҳокимликларнинг ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимларига ҳар ойда камида бир маротаба сектор фаолиятига оид маълумотлар ва ҳисоботларни тақдим этиб боради.

Ҳокимликларнинг ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва саноат бўлимлари ҳар бир туманда тўртта сектор фаолиятига оид маълумотларни жамлаш ва уларнинг ҳисоботини юритиш учун масъул тузилма сифатида белгиланди. Уларнинг зиммасига секторлар фаолиятига оид маълумотларни жамлаш юклатилди. Яъни улар амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни шакллантиради. Секторлар фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашади. Амалга оширилган ишларни тизимли таҳлил қилади. Йўл қўйилган камчиликлар, бажарилмаган тадбирларнинг сабабларини аниқлаш ҳамда “йўл хариталари”ни шакллантириш ҳамда секторларда аниқланган муаммолар ва уларни ҳал этиш натижалари юзасидан ахборотлар тайёрлайди.

Қарор асосида сектор раҳбарлари ва аъзолари фаолиятини баҳолаш, уларни рағбатлантириш ҳамда жазолаш бўйича адолатли тизим жорий этилиши белгиланди. Бу қарорнинг яна бир аҳамиятга молик томонларидан бири бўлиб, шу асосда сектор раҳбарлари, унинг аъзолари ва бу ишга жалб этилганларнинг фаолияти самарадорлигига қараб моддий ва маънавий рағбатлантириш, ўз ўрнида унга юклатилган вазифаларга совуққонлик билан қараб, виждонан ёндашмаган масъулларга нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чоралари қўллаш бўйича янги тизим йўлга қўйилади.

Эндиликда ҳар йилнинг якунига кўра “Энг намунали сектор”, “Энг ташаббускор сектор раҳбари”, “Энг фаол сектор штаби аъзоси” номинациялари бўйича республика танловлари ўтказилади. Унда Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир тизим бўйича энг юқори кўрсаткичга эришган икки нафардан сектор раҳбари автотранспорт воситаси билан, секторлар фаолиятини намунали ташкил этган раҳбарлар ва унинг ишида фаол қатнашган бошқа штаб аъзолари эса қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади.

Бундан ташқари, ҳар чорак якунлари бўйича маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан сектор штабининг фаол аъзоларини рағбатлантириш тартиби кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, сектор раҳбарлари ва аъзоларининг ўз вазифаларига виждонан ва масъулият билан ёндашишлари учун муҳим рағбатлантирувчи омил бўлади. Шу билан бирга, секторлар фаолиятининг моддий-техник таъминоти яхшиланади.

Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг секторлар фаолиятига оид янги қарори асосида секторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича янги – адолатли ва таъсирчан тизим жорий этилди. Бу тизим фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Пўлат БОБОЖОНОВ, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант.

ЎзА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019