Сектор раҳбарлари эҳтиёжманд оилалар сонини яширяптими?

09:23 20 Сентябр 2020 Жамият
471 0

Аҳоли даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш, «темир дафтар»га тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаб, шу орқали уларни муҳтожликдан чиқариш чораларини кўриш ҳақида кўп гапиряпмиз. Бу, айниқса, ҳозирги пандемия шароитида кечиктириб бўлмайдиган, кун тартибидан ўрин олган асосий масалага айланди.

Шундан келиб чиқиб, карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларни маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхат асосида қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 августдаги «2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишни тиклаш ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳаларида тизимли таркибий ислоҳотларни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан тасдиқланган “2020-2021 йилларда иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини ва даромадларини ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига имтиёзлар бериш тамойиллари белгилаб берилди.

Йўл харитасининг 39-бандида халқаро тажриба асосида камбағалликни баҳолаш мезонлари ва уни аниқлаш усулларини ўз ичига олган методологияни ишлаб чиқиш жорий йилнинг октябрь ойида, 40-бандида камбағалликни баҳолаш мезонлари ва уни аниқлаш усулларини ўз ичига олган методологияни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда халқаро тажрибага асосланиб, Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани мисолида таҳлил этиш кўрсатиб ўтилди. 41-бандида ишлаб чиқилган методология доирасида Республиканинг 5 та ҳудуди (Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари) мисолида апробация ўтказиш масалалари киритилди.

Албатта, биз ушбу ҳужжатни жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Чунки, бу орқали камбағалликни баҳолаш мезонлари ва уни аниқлаш усуллари ишлаб чиқилади. Бу эса бевосита партия электорати манфаатларига хизмат қилади.

Қайд этиш жоизки, тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилиши, фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни камбағал аҳолига ажратиб бериш, зарур жойларда артезиан ва қудуқлар қазиш бўйича топшириқ берилган эди, лекин минг афсуски, ҳалигача кўп жойларда ишлар олдинга силжимаяпти.

Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини ошириш орқали камбағалликни камайтириш энг асосий масала ҳисобланади. Масалан, Жиззах вилоятида бугунги кунда 295 та маҳалла бор. Оилалар сони 306 456 тани ташкил этади. Меҳнатга лаёқатли аҳоли 768,5 минг нафар, ишсизлар эса 57,5 минг нафардан иборат. Вилоятда «Темир дафтари»да эҳтиёжманд 16 746 та оила киритилган. Бандликни таъминлаш орқали даромад манбаига эга бўлган 5 975 та (36 фоиз) оила халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашлари қарорлари асосида эҳтиёжманд оилалар рўйхатидан чиқарилган.

Эҳтиёжманд оилалар яшаш манзиллари бўйича сектор ишчи гуруҳлари аъзолари томонидан жойларга чиқиб ўрганилгандан кейин «темир дафтар»га киритилиши белгиланган. Лекин аниқланган реал ҳолатларда секторлар ишчи гуруҳлари аъзолари фаолият юритмасдан, маҳалла фуқаролар йиғинларининг тавсиялари, улар томонидан берилган маълумотлар асосида сектор аъзолари, котиблари томонидан «темир дафтар»ларга киритилаётганлиги маълум бўлмоқда.

Кўп ҳудудда аҳоли вакиллари ўртасида эътирозли, норозичилик ҳолатлари учраб турибди. Ҳатто Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳам фуқаролар томонидан кўп мурожаатлар бўляпти. Ҳақиқатдан ҳам, айрим ҳолларда оилавий шароити ўта оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож, 1-2 нафар ногиронлиги бор шахслар яшайдиган ёки боқувчиси йўқ оилалар ҳам «темир дафтар»ларга киритилмай қолиб кетмоқда. Сектор раҳбарлари томонидан эҳтиёжманд оилалар сонини яшириш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Гап нимадалиги ҳам ойдинлашяпти. Эҳтиёжманд оилаларни рўйхатга олиш кейинчалик уларнинг доимий даромад манбаини яратиш вазифасини юклаши сабабли ҳам рўйхатга олинмаётган экан. Ана холос...

Камбағалликни камайтириш, аҳоли даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги масала. Масъулиятдан қочиш, ўз вазифасига совуққонлик билан қараш бу жамиятнинг эртанги фаровон ҳаётига болта уриш дегани эмасми? Ҳимояга муҳтож оилаларни яшириб нимага эришмоқчимиз?..

Аҳолининг камбағал қатлами бандлигини таъминлашда ҳам бир қатор муаммолар юзага келмоқда. Масалан, кредит олмоқчи бўлган оилага «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастури доирасида берилаётган кредитлар фоизи юқорилик қиляпти. Буни очиқ тан олиш керак. Кўп фуқаролар шу масалада ҳам эътироз билдиряпти.

Жиззах вилоятида йил якунига қадар 27 359 та янги ва жамоатчилик асосидаги иш ўринларини яратиш ҳисобига ишсиз ва «темир дафтар»га киритилган меҳнатга лаёқатли фуқароларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Чора-тадбир ишлаб чиқиш, иш ўрни яратилишини қоғозда режалаштириш билан масала ҳал бўлмайди. Ҳамма гап унинг ижросига жиддий киришиш, юклатилган вазифани сидқидилдан бажаришда. Мутасаддилар шу ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрса, мақсадга мувофиқ бўлади, албатта. Қачонки, жойларда реал вазиятга ҳаққоний баҳо бериб, уни ҳал қилиш чораларини кўрсак, шунда аниқ натижага эришилади. Акс ҳолда, кутилган ўзгариш бўлмайди, муаммолар ўз ҳолича қолаверади.

Ўроль ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?