“Сеҳрли диёр”ни сеҳрлаган ўзбек миллий матолари

14:41 15 Май 2018 Маданият
639 0

Ойдин Саъдуллаева Вашингтон (АҚШ)дан махсус “Халқ сўзи online” учун хабар қилади. Шу кунларда Вашингтондаги Смитсониан Осиё санъати музейида ўзбек атласи ва адраси кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. 

Унда Марказий Осиё халқларининг атлас ва адрасининг мухлиси – умрини мазкур матоларни ўрганишга, тарғиб қилиш ва намуналар йиғишга сарфлаган Гарвард университети олими Оскар Гуидо Голдман ҳамда америкалик дизайнер Де Ла Рента томонидан тақдим этилган атлас ва адрас кийимлар, шунингдек мазкур матолар намуналари намойиш этилмоқда.

Оскар Гуидо Голдман тақдим қилган намуналар 1800-1900 йилларда Бухоро, Самарқанд, Фарғонада тўқилган қадимий матолар бўлса, Де Ла Рентаники эса ўз ижодига тегишли бўлган замонавий атласу адраслардан тикилган либослардир.

Оскар Гуидо Голдман асли сиёсатшунос олим бўлса-да, лекин ўзбек миллий атласларининг ашаддий мухлисидир. Шу сабаб умри давомида Марказий Осиё халқларининг атлас ва адраслардан намунлар йиғиб келган. Умуман, умри давомида тўқимачилик санъатиниг мана шу йўналишини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Бинобарин, жорий йилнинг март ойида халқаро миқёсда тан олинган Жорж Хюит Майрс мукофотини ҳам қўлга киритди.

— Мен адрасни биринчи марта Нью-Йорк музейида 1975 йилда кўрганман. Матонинг жуда нозик дид билан туширилган ранг-баранг нақшлари мени ўзига мафтун этган ва жуда қиммат турса-да, сотиб олганман. Бугун эса йиққанларимни АҚШдаги 12 та музейга тақдим этдим, — дейди Оскар Гуидо Голдман. 

Ўз вақтида Америка модельерлар кенгаши президенти, ўнлаб мукофотлар эгаси, Жаклин Кеннедидан бошлаб Хиллари Клинтонгача бўлган АҚШнинг биринчи хонимлари шахсий модельери сифатида фаолият юритган номи дунёга машҳур Де Ла Рента (1932-2014) эса 2005 йилдаги асарлари тўпламида атлас ва адраслардан фойдаланганида жуда кўплаб мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлган. 
Ана шундан бери атлас нақшлари Де Ла Рента ва бошқа жаҳон дизайнерларнинг асарларида тез-тез қўллана бошланди.

— Қадимда ўзбек халқинини миллий матолари — атлас ва адраслар кўркамлиги ҳамда сифати билан бутун шарқу ғарбда машҳур бўган, — дейди дейди Гарвард университетида Ислом санъати бўйича тадқиқот олиб борган, бир неча китоблар муаллифи Маъсума Фарход. — Афсуски, ХIХ аср охир ХХ асрга келиб мамлакатдаги сиёсий тузум туфайли мазкур анъана унутиб юборилди. Шукрки, мана кейинги йилларда кўпгина миллий ҳунармандчилик йўналишларимиз яна қайта тикланганидай, атлас ва адрас тўқимачилиги санъати ҳам яна равнақ топа бошланди. Кўргазмада миллий матоларимизни кўриб, жуда қувондим. Улар яна қадр топаётганидан жуда мамнун бўлдим. 

Дарҳақиқат, ўзбек миллий либосларини жаҳон кўргазмаларда, халқаро подиумларда томоша қилиш ҳар биримизга чексиз фахр туйғусини бахш этади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар