Савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳокама қилинди

17:52 15 Май 2018 Иқтисодиёт
919 0
Фото: UzDaily.uz

Пойтахтимизда Германия — Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда икки давлатнинг иқтисодиёт, савдо-саноат, энергетика, кимё, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, логистика, туризм, қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, 70 дан ортиқ компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги тенг манфаатли алоқалар кеча ёки бугун бошлангани йўқ. Ҳамкорлик ўтган давр давомида тобора чуқурлашиб бормоқда. Айниқса, сўнгги икки йилда савдо-иқтисодий йўналишдаги муносабатлар янада мустаҳкамланди. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, чет давлатлар билан савдо-сармоявий алоқаларни фаоллаштириш, хорижий инвесторларга зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани муҳим омил бўлмоқда. 

Айтиш жоизки, Германиядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестициялар ҳажми 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бугунги кунда мамлакатимизда Германиянинг “МАН”, “Клаас”, “Лемкен”, “Кнауф” каби 130 дан ортиқ ўз соҳасида етакчи бўлган концерн ва корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Улар турли русумдаги юк автомобиллари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари, енгил саноат, тиббиёт, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган. 

Икки мамлакат ўртасидаги фаол ишбилармонлик муҳити натижасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 600 миллион АҚШ долларидан ошди. Жорий йилда эса бу кўрсаткични янада кўпайтириш кўзда тутилган.

— Бу галги мажлисимиз кўтаринки руҳда, аниқ таклиф ва самарали музокараларга бой тарзда ўтгани билан алоҳида ажралиб турди, — дейди Германия — Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши аъзоси Фалк Порче. — Ўзаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Бир қатор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилди. Масалан, “Кнауф” компанияси яқинда Бухорода янги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш линиясини очиш учун 75 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш бўйича келишувларга эришди. Бу ўзаро инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Германиянинг “Мангольд Консалтинг” компанияси бошқаруви раиси Клаус Мангольднинг айтишича, ўзбекистонлик ёш мутахассислар малакасини ошириб бориш жуда муҳим. Шу боис бугунги форумда ўзбек ёшларини Германияда ўқитиш, уларнинг иқтисодий билим ва кўникмаларини юксалтириш, йирик компания ва корхоналарда амалиёт ўташлари учун ҳамкорлик қилиш таклифи билан чиқилди. Албатта, бу ўзаро тажриба алмашишда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, форум доирасида кооперация биржаси ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Германиянинг ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, соҳага ноу-хауларни кенг жорий этиш, маҳсулот етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатишни кенгайтириш, қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш борасида тенг манфаатли шартнома ва келишувларга эришилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов сўзга чиқди. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019