Саудия Арабистони умра зиёратини қисман очишга тайёргарлик кўрмоқда

10:33 03 Июль 2020 Жамият
357 0

Саудия Арабистонининг Маккадаги Масжидул-Ҳарам ишлари бўйича агентлиги Масжидул-Ҳарамни қисман очиш режасини тайёрламоқда. Умра 100 кундан кўпроқ тўхтатилгандан сўнг, йиллик кичик Ҳажни қисман қайта йўлга қўйиш режасини ишлаб чиқяпти. Бундан кўзланган мақсад зиёратчиларнинг жуда кўп миқдорда тўпланишининг олдини олишдир. Бу ҳақда «Ал-Арабия» манбаси маълум қилди.

Бу Қиролликнинг ҳам одамларни нормал ҳаётга қайтариш, ҳам коронавирус тарқалиб кетишини ушлаб туриш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

Қайд этилишича, Макка шаҳридаги асосий масжиди ва майдоннинг 40 фоизигача ишлашга рухсат этилади.

Зиёратчилар эса бу ерга келиши учун “Tawakkalna” иловаси орқали рухсат олиши керак бўлади. Масжидга келадиган одамлар сонини чеклаш учун шундай қилинмоқда.

Бунинг учун қуйидаги янги чоралар амалга жорий этилади:

— масжидга барча кириш жойларида тепловизор камераларини ўрнатиш;

— ташриф буюрувчилар учун алоҳида кириш ва чиқиш жойларини йўлга қўйиш;

— масжидга тана ҳарорати юқори бўлган одамларнинг киришига йўл қўймаслик ва уларни соғлиқни сақлаш мутахассислари кўригига юбориш; 

— одамлар йиғилишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий масофани сақлаш чорасини доимий қўллаш;

— барча зиёратчилар учун тиббий ниқоб тақиш мажбурияти;

— тавоф қилувчилар учун масжиднинг биринчи ва иккинчи қаватларини ажратиш. Кекса ва имконияти чекланган инсонлар иккинчи қаватдан фойдаланишади.

Ўз навбатида, Харамнинг Каъбага яқин марказий ҳудуди зиёратчилар учун, хусусан, жума кунлари ёпиқ бўлиши мумкинлиги ҳам маълум қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?