Саша Грауманн: «Ўзбекистон халқи фарзанд тарбиясига олижаноблик билан муносабатда бўлиш бўйича буюк маданиятга эга»

10:50 01 Июнь 2018 Жамият
403 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"​

Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳар қандай жажжи қалб эгаси бу муқаддас масканда камолга етишга эҳтиёж сезади. Баркамол оила болага хотиржамлик, барқарорлик ва бахт улашиб, бу туйғулар унинг ўзига ҳамда эртанги кунига янада ишонч бағишлайди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида мухбиримиз БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн билан суҳбатлашди.

— ЮНИСЕФ Ўзбекистонга болалар учун энг яхши ҳаёт шароитларини яратишда кўмак беряпти. Мамлакатимизда фаолият юритишингиз нимаси билан эътиборингизни тортади?

— Ўзбекистон халқи фарзанд тарбиясига олижаноблик билан муносабатда бўлиш бўйича буюк маданиятга эга. Жамиятдаги қадриятлар ичида оила муҳим ўрин тутади. Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўз оиласига турли миллатга мансуб 14 болани қабул қилган Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи Баҳри Акрамова тарихи Ўзбекистон тимсоли ҳисобланади ҳамда юксак ҳурматга муносибдир. Ушбу оила ёдгорлиги яқинда ўз ўрнига қайтарилиши халқ ўз оилавий қадриятларини нақадар эъзозлашини яна бир бор исботлади.

ЮНИСЕФ эса бунга қўшилади ва қўллаб-қувватлайди. Биз Ўзбекистоннинг оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ота-онасидан айрилган болалар учун оилага яқин шароитлар яратиб бериш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил август ойидаги боқувчисини йўқотган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Республикада мазкур фаолиятга ёндашувлар ва шу бўйича механизмлар халқаро стандартларга жавоб беришини кўриш қувонарлидир.

— Мазкур ишлар қандай натижа беради?

— Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева қайд этиб ўтганидек, Ўзбекистон ҳукумати барча болалар оилавий шароитларда тарбия олишларини таъминлашга интилмоқда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга катта кўмак берилаётир. Ва биз бунга гувоҳмиз. Мамлакатда ота-оналари билан яшаш имкониятига эга бўлмаган болаларнинг оилавий тарбияси учун шароитлар яратишда сезиларли ўсишга эришилган. Муассасаларга жойлаштирилаётган болалар, айниқса, ногиронлиги бор болалар сони камайиб бормоқда.

Яқинда Урганчга бордим. У ерда олти фарзандни вояга етказаётган аёл, ажойиб инсон билан танишиш бахти насиб этди. Ўз фарзандини йўқотишдек оғир қайғуни бошдан ўтказган она “SOS Болалар шаҳарчаси”га ишга кириш учун ариза топширган. Унинг тарбияланувчилари турли ёшда, тўрт нафари қариндошлик ришталари билан боғланмаган, икки нафари эса ака-сингилдир. Уларнинг меҳмондўст уйига ташриф буюрар эканман, оила аъзолари ўртасидаги эзгу боғлиқлик гувоҳига айландим. Болалар ўзларини уйларидагидек ҳис этяпти. Бу, энг муҳими, аслида. Уларнинг айримлари етимлар, бошқалари ота-оналари томонидан ташлаб кетилган ёки ўз оиласида қолиши хавфли, деб топилган болалар. Энди уларда рисоладагидек ҳаёт кечириш имконияти пайдо бўлди.

Ушбу хонадоннинг эшиклари доим очиқ. Ўғил болалар дўстлари билан футбол ўйнашни яхши кўришади. Болалар маҳаллий мактабга боради. Оилага эса ижтимоий ходим кўмак бермоқда. Атрофдагиларнинг кўпчилиги булар асраб олинган болалар эканлигини ҳатто билмайди ҳам. Улар ўз қалб жароҳатларини қайта бошидан ўтказишни умуман исташмайди.

Ўз навбатида, Хоразмда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан улкан ишлар қилинаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ерда инклюзив таълимни ташкил этиш бўйича катта муваффақиятларга эришилган, уйда таълим олиш шароитлари яратилган. Ота-оналар учун қўллаб-қувватлаш ва маслаҳат бериш гуруҳлари ташкиллаштирилган, ногиронлиги бор болалар учун ҳам шуғулланиш, ўз лаёқати ва истеъдодларини юзага чиқариш, ўсиш ва ривожланиш имкониятлари мавжуд тўгараклар очилган.

— Нима учун боланинг оилада камол топиши шу даражада муҳим, деб ўйлайсиз?

— Аввало, айтишни истардимки, 2013 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитада Ўзбекистонда болаларни институционал тарбиялаш билан боғлиқ масалада қатор хавотирлар билдирилган эди. Бу ерда 20 000 дан ортиқ болалар, яъни ҳар 100 000 дан 200 нафари муассасаларга жойлаштирилган эди. Бу рақам Европа ва Марказий Осиёдаги кўрсаткичдан (666) паст, аммо дунёдаги ўртача кўрсаткичдан (120) юқори. Интернат муассасалари тарбияланувчиларининг 75 фоизини эса ногиронлиги бор болалар ташкил этган. Улар қўллаб-қувватланганда эди, уй парваришини олиш имкониятига эга бўлишарди. Афсуски, улар бу каби муассасаларга оиласидаги молиявий қийинчиликлар, ота-онасининг ажрашиб кетиши ёки  қўллаб-қувватлаши йўқлиги сабаб келиб қоладилар.

Аслида мактаб-интернатлари, Меҳрибонлик ва Мурувват уйларида тарбия топадиган болалар ғамхўрликлар оғушида бўлса-да, тўлақонли болаликдан баҳра ололмайди. Бинобарин, оилани ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Бу каби муассасалардаги болалар бошқа инсонлар билан ҳис-туйғу ила боғлиқ ришталарга кам лаёқатли бўлиши, жисмоний жиҳатдан ёмон ривожланиши ва ўқиб-ўрганишда суст кетиши исботланган. Оқибатда ахлоқ билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Муассасани тарк этгандан сўнг жамиятга қўшилиши, интеграциялашиши қийинлашади.

— Сизнинг фикрингизча, ҳар бир бола оилада тарбия олиши учун қандай йўл тутиш лозим?

— Фурсатдан фойдаланиб, биринчи навбатда, Ўзбекистон ҳукуматига ўз ота-оналари билан бирга бўлиш имкониятидан мосуво болаларни оилавий шароитларда тарбиялашнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича олиб бораётган ишлари учун ЮНИСЕФ  миннатдорлик билдиради. Баъзан оилалар молиявий қийинчиликлар, муносабатлардаги муаммоларга дуч келади ёки ногиронлиги бор болаларни парваришлашда турли мушкулликларни бошдан ўтказади. Бундай пайтда узоқлашиш эмас, балки оилада қўллаб-қувватланиши болалар учун кўп нарсани англатади. Зеро, кучли оила кучли жамият пойдеворидир. Ва ЮНИСЕФ ҳар бир бола оила ҳуқуқига эга эканлигига қатъий ишонади.

2017 йилда бола ҳимояси тизимини ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ шу бўйича баҳолаш ишларини олиб борди. Биргаликда тизимни равнақ топтириш йўлларини қидирмоқдамиз. Болалар учун қандай хизматлар тақдим этилаётгани, болалар давлат муассасаларига тушмаслиги учун нималар қилиш кераклигини ўрганяпмиз. 2017 йилда Ўзбекистон Миллий университетида ижтимоий ишга ихтисослаштирилган кафедрага асос солинди. ЮНИСЕФ ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар салоҳиятини ошириш воситасида мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Бугун эса эътибор қаратиш лозим бўлган уч жиҳат бор. Биринчидан, ЮНИСЕФ болалар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган болалар, гарчи улар ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож вазиятда бўлса ҳам, интернат муассасаларига жойлаштирилмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Агар бу зарур бўлганда ҳам, болалар оила типидаги шароитда, кичик гуруҳларда профессионал ғамхўрликдан баҳраманд бўлган ҳолда яшаши даркор. 

Иккинчидан, ногиронлиги бор фарзандлар яшайдиган оилалар, хусусан, маҳалла даражасида болалар муассасаларга жойлаштирилмаслиги учун қўллаб-қувватланиши лозим. Шу муносабат билан ЮНИСЕФ Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга оширишда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан мамнундир. 

Учинчидан, кўплаб давлатларда болаларни оилаларидан айрилишининг олдини олишда ижтимоий ходимлар асосий роль ўйнайди. Бу тажриба Ўзбекистон учун ҳам фойдалидир. Ижтимоий ходимлар кўмакка муҳтож оилалар эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашиш бўйича муҳим масъулиятни ўз зиммаларига олишлари мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни — бу болаларнинг ҳаёти, саломатлиги ва келажаги учун жавобгар эканлигимизни барчамизга эслатиб туради. Зотан, биз барча болалар бахтли бўлиб вояга етиши, ўқиши, ўзлари суйган иш билан машғул бўлиши ва келажакда ажойиб ота-оналар ҳамда ўз Ватани фуқароларига айланишини истаймиз. 

«Халқ сўзи» мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ
суҳбатлашди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар