Сариосиёлик депутат «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 100 миллион сўм маблағ ўтказди

21:47 04 Июнь 2020 Жамият
302 0

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгашига сайланган депутат, тумандаги «Улуғ Сабо метан» масъулияти чекланган жамияти директори Қумриддин Насриддинов карантин жорий қилинган кундан бошлаб хайрия ёрдамларини кўрсатди. Жумладан, Рамазон ойи ташрифи муносабати билан Сариосиё туманидаги «Саъди Шерозий», «Афросиёб» ва «Хоним» МФЙдаги кам таъминланган хонадонларга депутат томонидан 15 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

Депутат карантин сабабли вақтинча ишсиз ва даромадсиз қолган оилаларни аниқлаб, рўйхатини тузиб чиқди. Шундан сўнг уларнинг 25 нафарини эҳтиёжларига қараб мавсумий ишга йўналтирди.

- Депутатимиз ва уларнинг бир неча нафар ёрдамчилари айни кунларда карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда уйма-уй юриб, хонадон соҳиблари билан учрашиб, карантин даврида муҳим бўлган барча талабларга амал қилиш, томорқалардан самарали фойдаланишга оид тегишли тавсияларни бериб, бепул кўчатларни ҳадя этди, — дейди «Саъди Шерозий» МФЙ фуқароси Мавлуда Очилова.

Меҳнатсевар халқимиз уйда ўтириб ҳам даромад топишни яхши билади. Карантин даврида мана шундай қобилиятларини намоён этаётган инсонлар билан фахрлансак арзийди. Депутат Қумриддин Насриддинов ўзи сайланган туман ҳудудидаги 100 нафар оилага 10 000дан зиёд бепул кўчатлар тарқатилишида ҳам ташаббус кўрсатди.

Шу кунларда саховатпеша депутатимиз яна бир хайрли ишга қўл урди. У «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 100 миллион сўм маблағ ўтказди.

- Мақсадим битта, Президентимиз бошлаган хайрли ишларга ҳисса қўшишдир, - дейди депутатимиз. - Давлатимиз раҳбари қайси соҳага эътибор бермасин, энг аввало бу оддий одамлар учун қай даражада аҳамият касб этишини ўйлайдилар. Пандемия сабаб бутун дунёдаги муқаррар иқтисодий инқироздан имкон қадар талафотларсиз чиқишга эътибор қаратганларида ҳам, аграр соҳани ривожлантириш бўйича ташаббусни илгари сурганларида ҳам нечоғли ҳақ бўлганларини даврнинг ўзи исботлаб бормоқда.

Депутатимиз ташаббуси билан қилинган мазкур инсонпарварлик ёрдамлари, албатта, бир мақсад йўлида - ўзбекона саховат ва кўмак билан юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш ва мана шундай синовли кунларда бир ёқадан бош чиқариб, ҳамюртларимизнинг оғирини енгил қилиш кўзда тутилган.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?