Сардоба: ҳамжиҳатлик симфонияси

00:41 04 Май 2020 Жамият
730 0

Муқаддас рўзаи рамазон кунларида қилинган ҳар қандай эзгу дуо албатта ижобат бўлади. Бугун ана шундай тилакларни нафақат дилига жо этган, балки уни амалга оширишга бел боғлаган миллионлаб ёшу кекса юртдошларимизнинг саховат ва кўмаклари ўз манзилига етиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, пойтахтимиздан йўлга чиққан автокарвонлар Қамчиқ довони оша, Қизилқум саҳроларини босиб, жанубий сарҳадларимизни ортда қолдириб Сирдарё томон елиб келгани бунинг тасдиғи эмасми!? Мирзачўлнинг улуғвор кенгликларида бағри мисли уммондек, коинотдек чексиз, меҳрли, оқибатли - Она Ўзбекистонимиз, Ота маконимизнинг ҳамжиҳатлик симфонияси янграётир.

Кузатаман ва Сиз ҳам буни аллақачон ҳис қилгансиз: дунёни коронавирус балоси босган шу кунларда қай бир давлат раҳбари олис оролда ўз жонини муҳофаза қилаётган бўлса, яна бир мамлакат тож соҳиби ўзга юртнинг овлоқ курортида, халқидан олисда зарра тождор чангалидан паноҳ топмоқда. Ва не ажабки, ана шундай турфа етакчилар ичида офат ўчоғига шахсан кириб бораётган, халқи билан елкадош бўлаётган давлат раҳбарлари бармоқ билан санарли даражада ҳам эмас.

Уларнинг бири — коронавируснинг авж маскани Ухань аҳолиси билан юзма-юз учрашиб, беморлар ҳолидан шахсан хабар олган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин бўлса, яна бири — Бухоро вилоятидаги табиий офат жойига ва Сардоба сув омборидаги тошқин юз берган ҳудудга зудлик билан етиб борган Ўзбекистон Республикаси Президентидир.

... Биринчи майнинг эрта тонгида, ҳали Сардоба сув омборидан сув сизиб чиққанлиги ҳақидаги хабар ҳаммага етиб улгурмай Гулистон осмонидан ғарб томонга вертолёт учиб ўтди. Кўп ўтмай билдик, унда Президент офат жойига зудлик билан етиб келган экан. Ва давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи ҳақида узатилган дастлабки қисқа хабар сув балосига рўбару бўлган юртдошларимиз қатори бутун халқимизга ҳам катта куч-қувват, кутилмаган фалокатни тезда бартараф этишимизга мустаҳкам ишонч бахш этди. Саросималик, хавотирланишга ўрин қолмади. Омбор этагидаги, хавфли ҳудудлардаги аҳоли яшин тезлигида кўчирилди. Эвакуация ҳамда тошқинни тўхтатиш механизми аниқ ва тартибли ишлади. Тез орада жиловидан чиққан сув тизгинланди.

Президентимиз кейинги куни офат оқибатларини шахсан ўрганишлари баробарида тошқиндан омон-эсон олиб чиқилган юртдошларимиз билан юзма-юз учрашди, уларга далда берди: “Энди бу ҳам бир кўргилик. Ким буни кутган эди!? Бу ерда Ўзбекистон раҳбарияти, мана, Бош вазир ҳам шу ерда, менинг ҳамма кучли вазирларим ҳам шу ерда. Кайфиятларингни яхши қилинглар. Ўзларинг соғ-саломат, болаларинг ёнларингда бўлсин! Бир нарсага ишонинглар: ҳаммаси яхши бўлади. Яратгандан илтижо қиламизки, бизга мададкор бўлсин. Охирги кўрганимиз шу бўлсин.

Жонларинг соғ бўлсин, қариндошларинг, фарзандларинг ёнларингда соғ-саломат эканлиги катта бахт. Уйни ҳам қуриб берамиз, молни ҳам топиб берамиз. Жонларинг соғ бўлсин”

Юртбошимизнинг ушбу некбин сўзлари учрашув қатнашчиларининг юзлари, қалбларига ишонч, ёруғ нур бахш этганини, кўнгиллари тоғдек кўтарилганини кўрдик ва бу туйғуларни узоқ-яқинда бўлсак-да, барчамиз юракдан ҳис қилдик. Яна шуни англадикки, халқимизнинг қон-қонига сингган ва аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган яхшилик, эзгулик, елкадошлик, жигарчилик, оқибатлилик, ҳамжиҳатлилик каби ўнлаб фазилатларни ўзида жамлаган умрибоқий қадриятларимиз бор экан, бу офатни, иншооллоҳ, биргаликда енгиб ўтамиз.

Ҳа, бу такрорланмас қадриятларимиз ҳар дақиқада, яқин-йироқда бўй кўрсатмоқда. "Сирдарё, биз сен билан биргамиз", "Биргаликда, бир бўлиб енгамиз" каби меҳрга тўла сўзларда акс этмоқда. Бир ёки бир неча оилаларга яқин қадрдонларидек жой берган юртдошларимиз меҳр-оқибатида, интернет тармоқлари, узлуксиз телефон қўнғироқларидаги "Биздан нима ёрдам керак?", "Уй керак бўлса, марҳамат, яшаш учун зарур бўлган барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз" деган эълон ва мурожаатларда ўз ифодасини топмоқда. "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати туну кун тинмаётир. Бундай таърифга сўз ожиз бўлган юксак эътиборга ўша ҳодиса юз берган тонгнинг илк дақиқалариданоқ этик кийиб сув кечган вилоят ҳокимидан тортиб, барча-барча сирдарёликлар чин дилдан миннатдорлик билдиришяпти, давлатимиз раҳбари ва бутун халқимиз ёнларида эканликларидан қалбларида чароғонлик акс этяпти.

...Ишончимиз комилки, жўнатилган ҳар бир кўмак юки замирида акс этган меҳрни ҳис этган ҳар бир сирдарёлик  қалбида узоқ-яқиндаги ҳамюртига  нисбатан ғойибона меҳр, қондошлик-қадрдонлик туйғуси янада мустаҳкамланди. Ва бундай жипслик фақат яхши кунларга, жонажон Ватанимиз равнақи йўлидаги эзгу ниятларимизни амалга оширишимизга хизмат қилаверишига эса асло шубҳа йўқ.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,

"Халқ сўзи" мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?