Санъат ва маданият элларни, дилларни боғлайди

15:35 15 Октябр 2018 Маданият
966 0
Фото: “Халқ сўзи Online”.

“Халқ сўзи Online”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Тожикистонда ўтказиладиган Туркманистон маданияти кунларида иштирок этиш учун йўл олган делегация аъзолари Термиз темир йўл вокзалида бир муддат тўхтаб, Сурхондарё вилояти жамоатчилиги билан учрашди.

Туркманистонлик санъат усталарини кутиб олишга бағишланган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Байрамона безатилган темир йўл вокзалида қардош халқларнинг турмуш тарзи, анъана ва урф-одатларини ифода этувчи этнографик шаҳарча барпо этилгани, ҳунармандлар кўргазма-ярмаркаси ҳамда миллий таомлар намойиши тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Фото: “Халқ сўзи Online”.

Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, тинч-тотув, ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатликда яшаб келган. Халқларимизни муштарак диний ва маданий қадриятлар, ўхшаш тил ва урф-одатлар мустаҳкам боғлаб туради. Биргина Сурхондарё вилоятида 136 мингдан ортиқ туркманлар истиқомат қилишади. Туркман маданий маркази фаолияти эса уларни ўзаро бирлаштириб келмоқда.

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг Олий даражадаги учрашувлари мунтазамлик касб этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланмоқда.

Фото: “Халқ сўзи Online”.

Айтиш жоизки, Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқулининг номи берилиши, унга бағишланган меъморий ёдгорлик барпо этилиб, шоирнинг ўзбек тилидаги “Элингга бахш айла” номли китобининг чоп этилиши Ўзбекистонинг қардош ва биродар туркман халқига юксак ҳурмат ва эътибори намунасидир.

“Санъат ва маданият дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Чунончи, Туркманистон ва Ўзбекистон халқлари яқин қўшни сифатида тарих ва вақт синовларидан ўтган дўстлик ва биродарликни ҳамиша қадрлаб келишади. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабати қардош халқларни янада яқинлаштириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга йўл очаётир. Ўзбеклар Махтумқули ғазалларини қандай севиб ўқиса, туркманлар Алишер Навоий ижодини ҳам шундай севиб, ардоқлашади. Ўзаро меҳр-муҳаббат ва садоқатимиз бизни бугунгидек дийдорлашишга ундади. Тадбир баҳонасида икки халқ вакилларининг учрашуви дилларга сурур бахш этиб, қалбимизда унутилмас таассуротлар қолдирди”, - дейди Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Язкули Маммедов.

Тадбир Туркманистон санъат усталари ижросидаги куй-қўшиқларга уланиб кетди. Халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва тинчликни тараннум этувчи ранг-баранг чиқишлар йиғилганларга бир олам завқ ва шавқ улашди. Шундан сўнг, Туркманистон делегацияси Тожикистонга жўнаб кетди.

Фото: “Халқ сўзи Online”.

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019