Санъат хотирламоқдир

11:14 30 Май 2020 Маданият
381 0

«Халқ сўзи» газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида «Ёш ижодкорлар гурунги»ни ташкил этган эди.

Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб боришда давом этамиз. 

Навбатдаги меҳмонимиз ёш ижодкорлар орасида кўп тилларни мукаммал билиши ва хориж адабиётидан ўзбек тилига қилган таржималари билан танилиб келаётган умидли таржимон Мирзоҳид Музаффардир.

Мирзоҳид Музаффар – 1999 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Саҳна ва экран драматургияси факультети талабаси. Ёш таржимоннинг шеър ва ҳикоялари, шунингдек, инглиз, рус, турк, озарбайжон, француз ва испан тилларидан қилган таржималари республика нашрларида мунтазам ёритиб борилади. У америкалик шоир Гёке Маринайнинг «Қирқ олти саҳифа» номли шеърий тўпламини тайёрлаб, китобхонларга ҳавола этган. М.Музаффар айни пайтда Адабиёт ва фрейдистик психоанализ мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда. У машҳур рус режиссёри Андрей ТАРКОВСКИЙ берган интервьюларидан бирини ўзбек тилига ўгирди. Қуйида ушбу суҳбат билан танишишингиз мумкин. 


– Андрей Арсенович, сизни ҳозиргина «Болалар дунёси» дўконидан олиб келишди, шундай эмасми?

– Менинг саккиз яшар ўғлим бор. Қачон сафарга чиқсам, унга албатта нимадир олиб бораман. Ўғлимнинг ўрганишга иштиёқи баланд. Турли қурилмаларга, техник ускуналарга қизиқади. Ҳалиги дўконга ҳам унга совға олай деб боргандим.

– Айни дам болалар учун ҳарбий машиналар, қирувчи самолёт ва автоматлар ҳам ўйинчоқ кўринишида сотиляпти. Сиз бу ҳолатга қандай қарайсиз?

– Мени бундай нарсалар қизиқтирмайди. Уйга ҳам олиб бормайман.

– Сир эмаски, сиз ишлаган барча фильмларда бола образи бор, ҳатто диплом ишингизда ҳам...

– Тўғри, бироқ менимча диплом ишимни репертуаримга қўшиш шарт эмас. Ундан кўнглим тўлмаган.

– Сиз яратган машҳур персонажлар, масалан «Иван», «Андрей Рубльёв» якунидаги бола образи... Хоҳ «Солярис» фильмида бўлсин, хоҳ «Кўзгу» да. Бу болаларнинг болалигингизга муайян даражада алоқадор, тўғрими?

– Келинг, сизга бир сирни айтай. Ижод мен учун бутунича ёдга олиш жараёни. Санъат хотирламоқдир. Менинг болалигим – менинг иш қуролим, материалим. Агар сиз каминани бир ижодкор ўлароқ эътироф этаётган бўлсангиз, демак, бунинг сабаби мен ўз болалигимни бадиийлаштира олганимда деб биламан. Санъат деганлари шу...

– «Иваннинг болалиги»га қайтсак. Менга сиз ўзингиз Иваннинг прототипи бўлгандек туюлаверади. Чиндан шундайми?

– Фильмдаги ҳодисалар Иккинчи жаҳон урушини тасвирлайди. У вақтлар мен ўн икки ёш ўспирин эдим. Адашмадингиз, Иван бу ўз ботиний автопортретим. Отам урушдан оғир ярадор бўлиб қайтганди. Унинг «одам» бўлиб кетишига умид деярли йўқ.

Бироқ умуман олганда ҳаётдаги «Иван» билан кинодаги Иван тўлақонли бир одам ҳам эмас. Ахир, бунинг иложи йўқ... Хотирани борича қоғозга кўчирмоқ амалда имконсиз. Танқидчи ва томошабинлар мени Иван образи билан солиштира туриб доим бир хил деган хулосага келишади. Аммо ҳақиқат танганинг бошқа тарафига ўйиб ёзилган. Мен ўша муҳитда яшаганман, ҳис қилганман, изтироб чекканман, фақат, ягона фарқи шуки, ахборот бадиийлаштирилганида озроқ ўзгаради ва бошқа шаклга киради. Гарчи моҳият шикастланмаса-да, лекин ранг, қолип ва мезон ўзга кўринишга келади.

– Иваннинг руҳий биографиясини оқ-қора кадрларга жойлаш ва ўзингизни у билан юзма-юз қўйиш ғояси қачон туғилган?

– Бу фильмнинг яралиши жуда қийин кечди. Айни диплом ишимни муҳокамага топширган ва рад этилган вақтларим эди. Ишлашга мажолим қолмаган кунлар... Бироз ўтиб эшитиб қолдимки, «Мосфильм» бир лойиҳани ярмида тўхтатиб қўйибди. Цензура мазкур лойиҳа режиссёрини ишдан четлаштирганди. Табиийки, мендан аввал уни якунига етказиш учун кўп режиссёрлар таклиф қилинган, чунки Тарковскийни ҳали ҳеч ким танимасди. Сценарий Богомоловнинг «Иван» ҳикояси асосида ёзилган бўлиб, фильмнинг ярмидан кўпи тайёр. Менга эса қолган ашёлар билан кинони тугатиб қўйиш сўралди. Сметадаги пулнинг учдан икки қисми эса ишлатиб бўлинган.

Сценарийни қайтадан ёзиб чиқдим, суратга олиш гуруҳи ва актёрларни буткул ўзгартирдим. Бу чала ишни бўйнимга олиш учун иккита сабабим бор эди: биринчиси, Николай Бурляев, иккинчиси, сценарийни ўқиётган пайтимда туғилган қизиқиш, яъни бош қаҳрамон Иванни ўз тушлари билан ёлғиз қолдириш истаги...

– Венеция фильм фестивалида сизга бош мукофотни тақдим қилишди. Мукофотни қабул қилиб олиш пайтида ичингиздан нималар кечди?

– Мен атиги йигирма тўққиз ёшли йигитча эдим, холос. Мукофот кутилмаганда қаршимдан чиқди. Буёғини сўрасангиз, номзодлар ичида Пазолинидек пурвиқор номлар ҳам бор эди. Мукофотдан умид ҳам қилмаётгандим, бироқ... Майли, мен бундай дабдабаларга жиддий ёндашмайман.

– Энди эса сўнги пайтларда машҳурлик шоҳсупасига чиққан «Кўзгу» фильми ҳақида...

– Бу фильм хусусида нимадир дейишим қийин. Чунки, унда биографик элементлар мавжуд бўлиб, кадрлар асл воқелик аро айланиб юраверади.

«Кўзгу» да биронта тўқима образ йўқ. Эпизод - эпизод хотира... Мен ушбу лойиҳага серқатлам, мураккаб қурилиш тизимига эга асар ўлароқ қаролмайман.

Қизиғи шундаки, томошабинларнинг кўпи «Кўзгу»ни тушунилиши қийин, бу фильмни англаб олмоқ учун махсус тайёргарлик керак дейди. Бундан келиб чиқадики, эстетик таҳсил олмаган одамлар учун бу фильм анча содда туюлади ва тезда тушунилади. Кимки ижтимоий соҳада таълим олган бўлса, ўзини шахсий дид ва қарашларига эга, хослар даврасининг бир бўлаги деб ўйлайди ва мана шу ўйловнинг ўзи энг катта қийинчиликларга йўл очиб беради. Эслайман, қайсидир клубда кино таҳлилидан гап чиқди. Баҳсларимиз чўзилиб кетди. Клуб ходимаси бирдан қўл силтадию, таҳлилда бу қадар чуқурлашиб кетиш ярамайди, деди. Ортиқча маъно юклашнинг нима кераги бор? Аслида, фильм ўлимнинг бешафқат ҳақиқати билан қарама-қарши турган одам ҳақида. У шундай одамки, ўтмишдаги қилмишлари учун пушаймон, аммо афв сўраш учун энди кеч...

– Феллини билан ораларингда қандай фарқ бор деб ўйлайсиз?

– Феллини билан таққослаш қай даражада тўғри ё нотўғри, бундан хабарим йўқ. Феллини фильмларида шахсий муаммоларини, кириб қолган боши берк кўчаларини ўртага ташлайди. Меникилардаги муаммо эса билвосита образларнинг муаммоси саналади. Уларнинг ўз яқинлари билан ўз фожиалари, қўрқув ва келажак кунлари ҳақида суҳбатлари жой олган фильмларимда. Умумий қилиб айтсак, ишлаган асарларимда ҳеч қачон «мен» шаклида кўринмаганман. Ҳатто улар биографик бўлса ҳам. Биографик фильмларимда ўзимни қўшиш бугун малол келади. Нари борса, ички «мен»имни образларга сочиб ташлашим мумкин. Ҳеч қайси қаҳрамонимни кўрсатиб мана шу Тарковскийнинг худди ўзи деёлмайсиз. Дарҳақиқат, Феллини услуби билан менинг танлаган йўлим ўхшаш бўлиши мумкин, бироқ икковимизнинг ҳам кино, кинодаги ҳолатларни тасвирлаш тилимиз турлича. Ҳар бир режиссёрнинг фақат ўзигагина хос фильм тили бўлиши керак. Буни режиссёр имзоси дейиш ҳам мумкин. Мен бирон асаримни муайян мақсад йўлида яратмаганман. Бундай қилсам, тушунилиши қийинроқ кечади ё бошқача олсам, янада соддалашади деган ўй-фикрлар менга бегона. Ҳеч қачон томошабинни ўйламаганман. Томошабин савиясини ўйлаб ишланган фильм исталган шаклга кира олиши, исталган нарса бўлиши мумкин, бироқ санъат бўлолмайди.

– Мусиқаларни қандай танлайсиз?

– Фильмда мусиқанинг салмоқли ўрни бор, аммо мен ундан драматик элемент ё майда деталь сифатида фойдаланмайман. Мисол учун, «Кўзгу» фильмидаги мусиқа тасвирга илова сифатида ғамгин руҳ юклаши ё саҳна қувватини ошириш учун мақсадли равишда қўлланилмаган.

Иоганн Себастян Бахнинг мусиқасини танладим, чунки у менинг руҳий оҳангларимга мос тушади ва кўриб турганингиздек, у «Кўзгу»нинг жонтомирига айлана олган Мусиқа фильмга қўшилмасин, балки у фильмнинг ўзига айлансин. Айтмоқчиманки, мусиқа кийимдек кийилиши эмас, қўл ё оёқ каби табиий аъзо ўлароқ тушунилиши керак. Оҳанглар шууримдаги кўринишлар билан яхлитлашади ва тасвир овозга эврилади. Таъкидлаш жоизки, фойдаланилган мусиқа «Кўзгу» вужудидаги тери вазифасини ўтаган.

– Сўнгги саволим: бундан кейин нима қилмоқчисиз?

– Бу ҳақида аниқ бир тўхтамга келганимча йўқ. Режалар ўзгариши мумкин, лекин шуни айта оламанки, Италиядаги бир киноширкатдан«Италия саёҳати» номли лойиҳага буюртма олгандим. Шунинг устида ишласам керак.

Кейин эса мени ўта қийин ва бажарилиши шарт бўлган иш кутиб турибди. Достоевскийнинг «Телба»си асосида бир фильм ишласам дейман... Албатта, иш бунга мос актёрларни танлаш асносида анча кейинга сурилиши ҳам мумкин. Энг аввал Князь Мишкин ва Анастасия Филлиповна образлари учун мос қиёфа топиш зарур. Достоевский қаҳрамонларининг дунёси мураккаб ва теранлиги сир эмас. Асарнинг асос ғояси ҳам айнан шу образлар ижросига боғлиқ. Эҳтимол, бу фильм ҳеч қачон суратга олинмас ва бунга сабаб уйғун актёр топилмаслиги бўлар...

Ҳозир мен сиз билан келажак, режалар ва ниятлар ҳақида бамайлихотир гаплашиб ўтирибмизу... Аммо энг даҳшатлиси нима, биласизми? Бу... Ҳеч нарса биз ўйлаганчалик содда эмаслиги ва мен мақсадларимга етиша олмаслигим мумкинлигини билишим. Энг ёмони шу.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

– Мен ҳам миннатдорман.

Лидия Эрсова суҳбатлашди

1979 йил, Рига.

Рус тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?