Самарқанддаги инвестиция форумида 1,7 миллиард АҚШ долларилик 234 та келишув имзоланди

11:35 25 Ноябрь 2019 Жамият
175 0

Яқинда Самарқандда ўтказилган “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форуми ва вилоят ишлаб чиқарувчиларининг “Made in Samarkand” миллий кўргазмасида дунёнинг 31 мамлакатидан 310 дан ортиқ инвесторлар, ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, халқаро молия институтлари, савдо-саноат палаталари, банк, туристик ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан илк бор ўтказилган мазкур тадбир келгусида Самарқанд вилояти иқтисодий имкониятларини ошириш, минтақага хорижий инвестицияни тўғридан-тўғри жалб этиш, сармоядорларни бу ердаги шароит ва имкониятлар билан таништириш, шунингдек, вилоятнинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Самарқандга ташриф буюрган Хитой, Жанубий Корея, Испания, АҚШ, Италия, Исроил, Россия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Малайзия, Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон каби давлатларнинг инвестор ва тадбиркорлари 22-ноябрь куни вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.

Жумладан, форум қатнашчилари Самарқанд шаҳридаги “Сам Антеп Гилам”, Тойлоқ туманидаги “Pure Milky”, Оқдарё туманидаги “Afrosiyob jeans” ва Самарқанд туманидаги “AgroMir” корхоналарида бўлиб, мазкур қувватлардаги ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёрланаётган маҳсулотлар ҳамда вилоятда тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар, инвестиция муҳитини кўздан кечиришди.

Форумнинг иккинчи кунида эса асосий тадбирлар, яъни ялпи мажлис ва секция мажлислари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг “Made in Samarkand” миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ялпи мажлисда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, хорижлик делегациялар вакиллари, Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган инвесторлар сўзга чиқдилар.

Секция мажлисларида вилоят экспорт имкониятларини ошириш, минтақанинг капитал жалб этишдаги имконият ва жозибадорлиги, минтақа иқтисодиётида сайёҳлик индустриясини шакллантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш каби масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, хорижий сармоядорлар билан “B2B”, “B2G”, “G2G” форматда мулоқотлар ва янги инвестицон лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси ҳамкорлигида Самарқанд вилояти ҳокими ва Испания қироллик клуби – Мадриднинг “Реал” жамоаси раҳбари билан Самарқандда ушбу клубнинг академиясини очиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Йирик хорижий инвесторлар билан Самарқанд халқаро аэропортини қуриш ва ундан фойдаланиш, замонавий аттракционлар ва кенг форматли, IMAX кинотеатрли истироҳат боғи, автобус техника воситалари ишлаб чиқариш, “IT истироҳат боғи”, “Сити”, бизнес марказлари, сайёҳлик мажмуалари бўйича ва бир қатор ижтимоий-гуманитар лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Форум якунлари бўйича ўтказилган брифингда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форумида умумий миқдори 1,7 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 234 та келишув битимлари имзолангани қайд этди.

Жумладан, 1 млрд. 543 миллион АҚШ доллари миқдорда 53 та инвестицион битимлар имзоланди. Шундан, маҳаллий тадбиркорлар инвестициялари қиймати 126,8 миллион АҚШ доллари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қиймати эса 1 млрд. 416 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

 

Хитой Халқ Республикасининг “Nanyang PuKang Yunlong Pharmaceutical co.ltd” корпорацияси ва Каттақўрғон шаҳридаги “PUKANG ZHIYAO” МЧЖ ўртасида фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича (“Маккажўхоридан доривор ёғ ишлаб чиқариш” лойиҳаси, қиймати 70 миллион АҚШ доллар) келишувга эришилди.

Хитой Халқ Республикасининг “Huatong Cable inc” корхонаси ва “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ўртасида “Текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш” бўйича қиймати 30 миллион АҚШ долларлик лойиҳа имзоланди.Жанубий Кореянинг “М.Pharm Corp” ва Самарқанд туманидаги “Корейская страна” корхонаси фармацевтика соҳасида қиймати 20 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳани биргаликда амалга оширадиган бўлди. Шу билан бирга форум давомида умумий қиймати 181 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 61 та экспорт шартномаси имзоланди.

Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон текстил” корхонаси ва Россия Федерациясининг “Август” корхонаси ўртасида трикотаж ва жинси маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 20 миллион долларлик битим тузилди.

Тойлоқ туманидаги “Бро Бинс” корхонаси ва Туркиянинг “Шарк Йилдизи” ширкати ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 5 миллион долларлик шартнома имзоланди.

Булунғур туманидаги “Самарқанд Гарден Пласт” корхонаси эса Афғонистоннинг “Мусин Амири” корхонаси билан 9 миллион долларлик ана шундай келишувга эришди.

Умуман, форум давомида саноат йўналишида умумий қиймати 1 млрд. 70,3 миллион АҚШ доллари бўлган 46 та битим, хизмат кўрсатиш соҳасида 464,8 миллион долларлик 10 та битим, қишлоқ хўжалиги соҳасида 189,1 миллион долларлик 58 та битимлар имзоланди.

- Имзоланган битимларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, реал ҳаётда ўз аксини топишини таъминлашни ўз олдимизга мақсад қилиб белгилаб олганмиз. Бунинг учун йўл хариталарини тузиб, лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур чора-тадбирларни кўрамиз. – деди Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. – “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форуми ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмасидан кутилган натижаларга эришдик, деб айтишга тўла асосларимиз бор. Шу боис келгусида бу форумни анъанавий ўтказишга қарор қилдик.

Форум доирасида имзоланган битимларнинг амалиётга жорий этилиши шубҳасиз вилоятнинг иқтисодий имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев,
"Халқ сўзи"


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019