Самарқанддаги ҳар тўртинчи маҳаллада жиноят содир этилган. Бунга нима сабаб бўляпти?

18:06 25 Декабрь 2018 Жамият
554 0

Иллюстратив фото

Самарқанд вилоятида умумий жиноятчилик ва жиноят-қидирув соҳасидаги жиноятлар ошмаган бўлса-да, бироқ туманлар кесимида, айниқса, айрим маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар сони ортган. Жумладан, вилоятдаги 1087 та маҳалланинг 838 тасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилиб, уларнинг деярли ҳар тўртинчисида жиноятлар кўпайган. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда?

Бунга ҳудудлардаги криминоген вазият ва жиноятлар динамикаси тўлиқ таҳлил қилинмагани, етарли малака, иш стажи ва тажрибага эга бўлмаган профилактика инспекторларининг тайинланиши ҳамда куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланмаганлиги омил бўлаётгани қайд этилди. Қолаверса, баъзи маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари жамоатчилик манфаатлари йўлида жон куйдириш у ёқда турсин, ҳатто ўзлари қинғир йўлларга қадам қўяётгани жойларда нохуш статистиканинг ҳануз камаймаётганига қисман сабабдир. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 7 нафар ходими, яъни 5 нафар маҳалла раиси, 2 нафар масъул котиб томонидан жиноятлар содир этилгани ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қўшма йиғилишида афсус билан тилга олинди.

Тадбир Самарқанд вилояти туманлари билан боғланган ҳолда видеоконференция тарзида ўтказилди.

Унда вилоятда жорий йилнинг ўн бир ойида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Кун тартибига қўйилган яна бир масала вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани бўлди. Аниқланишича, бундай жиноятлар сони Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Пастдарғом, Пахтачи, Нарпай туманларида ортган. Ўсмирлар жиноятчилигининг асосий сабаблари қаторида улар орасидаги профилактика ишларининг талаб даражасида йўлга қўйилмагани қайд этилди. Бироқ бу муаммо комплекс хусусиятга эга. Бунда нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки жамоатчилик тузилмалари ва энг аввало, оила институти муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда Республика комиссияси Раиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев иштирок этди.
Умид СОРИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019