Самарқандда  жорий йил 1-ярмида 13341 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини тўхтатган ​

18:45 07 Сентябр 2019 Жамият
49 0

2019 йил 7 сентябрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Депутатлар парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек,Самарқанд вилоятида жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми қарийб 15,5 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 5,6 фоизга етган. Ҳудуднинг республика ялпи ички маҳсулоти шаклланишидаги улуши қарийб 7 фоизни ташкил қилган. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида ижобий ўсиш суръатлари қайд этилган.

Жорий йил 1 август ҳолатига кўра,вилоятга 65 та инвестицион лойиҳа бўйича жами 139,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди, шундан 35 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошланди.

Сессияда вилоят иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни алоҳида эътироф этилди. Жумладан, бугунги кунда ҳудудда жами 50 минг 800 тага яқин кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Шундан 21370 таси юридик шахс мақомига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект, 29412 таси эса якка тартибдаги тадбиркордир.

Қайд этиш керакки, вилоят ҳокими ва бошқа мутасаддилар томонидан тадбиркорлар билан амалий мулоқот тизими йўлга қўйилган. Тадбиркорларнинг муаммолари ва фаолиятидаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокими раҳбарлигида мунтазам равишда тадбиркорлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ва сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари, жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Бош вазирнинг вилоятдаги қабулхонасига тадбиркорлардан жами 951 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 663 таси ёки 70 фоизи ҳал этилган, қолган 288 таси эса ижрога қаратилган.

Бироқ вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, ҳудуд бўйича 2017–2018 йилларда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектларидан 907 та хўжалик юритувчи субъект ҳанузгача ўз фаолиятини бошламаган. Ҳудудлар кесимида олганда бундай тадбиркорлик субъектлари Самарқанд шаҳри, Ургут, Пайариқ, Пастдарғом, Қўшработ ва Каттақўрғон туманларида кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда жами 13341 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини тўхтатган. Уларнинг 4702 таси юридик шахс, 8639 таси якка тартибдаги тадбиркордир.

Сессияда вилоятдаги корхоналар билан кичик бизнес субъектлари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга туртки бўлиши таъкидланди. Бу борадаги имкониятлардан фойдаланиш йўллари борасида фикр алмашилди.

“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг ижросини таъминлашга ҳам урғу берилди. Жумладан, унинг доирасида тижорат банклари томонидан 1036 нафар ёш тадбиркорга ажратилиши белгиланган 235,8 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағларидан бугунги кунга қадар бор-йўғи 81 та лойиҳа учун 21 млрд. сўм (9 %) ажратилганлиги, бу борада “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасига умумий қиймати 20,4 млрд. сўмлик 82 та лойиҳани молиялаштириш учун берилган буюртмаларга лозим даражада эътибор қаратилмаётганлиги таъкидланди.

Сессияда тадбиркорлик йўналишига масъул вазирлик ва тузилмаларнинг ҳудудлардаги бошқарма ва бўлимлари ҳудуд манфаатларини республика даражасида илгари суришга етарлича эътибор қаратмаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф бермаётганлиги ва ташаббус кўрсатмаётганлиги танқид остига олинди.

Шунингдек, бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам фаол бўлиши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиши, уларнинг муаммолари асосида тегишли тузилмаларга қатъий депутатлик сўровлари билан чиқиши, кичик бизнес ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар қандай муаммо ва аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан биринчилардан бўлиб муносабат билдиришлари зарурлиги таъкидланди.

Сессияда кўриб чиқилган масала юзасидан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019