Самарқандда янгиланиш фасли янги объектлар билан бошланди (Фото)

10:09 03 Март 2020 Жамият
356 0

Юртимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, бунинг учун замон талабларига тўла жавоб берадиган кўп қаватли уйлар бунёд этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунга яққол мисол сифатида Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидаги “Обод маскан” маҳалласини келтириш мумкин. Бу ерда 18 та кўп қаватли замонавий уйлар фойдаланишга топширилди.

Эътиборлиси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган, уй-жойга ўта муҳтож оилаларни ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга яшаш ҳуқуқи билан, тасарруф этиш ҳуқуқисиз, беғараз тарзда 40 та хонадон, шунингдек, уй-жойга муҳтож вилоят ташкилотларида фаолият олиб бораётган мутахассисларга 60 та хонадон ажратилди.

— Ўн беш йилдан буён уйсизман, — дейди Насиба Улуғмуродова. — Қийналганимдан болаларимни меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлганман. Мана, бугун вилоят ҳокимлиги бизга икки хоналик уй берди. Миннатдорлигимни сўз билан ифодалаб бера олмайман.

Туркия технологияси асосида барпо этилган мазкур замонавий уйлар 9 балли зилзилага бардош бера олади. Ҳар бир хонадонда замонавий иситиш мосламаси, газ ускунаси, ошхона мебели бўлиб, уйлар яшаш учун тайёр ҳолда топширилмоқда.

“AGROMIR BULDINGS” МЧЖ томонидан қурилаётган ушбу замонавий уйлар лойиҳаси 47 бинодан иборат бўлиб, қолганлари жорий йилнинг июнь ойигача топширилиши режалаштирилган. Ҳар бир бино қурилишига 8 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Янги уйларнинг тантанали очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, вилоят жамоатчилиги вакиллари ва таниқли санъаткорлар иштирок этди.

— Бу шаҳарчада 100 минг ўринли хонадонлар қурилади, — деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. — Бугун шаҳарчада мингта хонадон эгаларига топширилди. Келгусида 24 қаватли уйлар ҳам қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, автомашиналар учун махсус тўхташ жойлари қурилади. Яна 1670 ўринли мактаб қурилиши бошланди. Ушбу муассаса жорий йил сентябрь ойида ишга тушади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур масканда ўтган қисқа даврда 24 та 5 қаватли, 45 та 7 қаватли, 4 та 12 қаватли, 5 та 14 қаватли ва 9 та 16 қаватли жами 3848 та уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шаҳарнинг Кимёгарлар қўрғонидаги “Нурафшон” маданият саройи ҳам янгидан иш бошлади. Санъат саройининг очилиш маросими барчанинг қалбига баҳорий илиқлик олиб кирди. Неча йиллардан буён фойдаланилмаган, ташландиқ ҳолга келган бу ҳудуд мўъжазгина гавжум гўшага айланди. Эътибордан четда қолган маданият маркази ва унинг ён-атрофига бирор киши боришга ботина олмасди. Бугун замон талабларига ҳамоҳанг тарзда таъмирланган маданият саройи, ёшлар боғи, футбол майдони кўрган кўзни қувонтиради.

Президентимиз томонидан маданият ва санъатга берилаётган эътибор туфайли 2019 йил январь ойида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 15,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қайта таъмирлаш ишлари олиб борилди. Марказга аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, “Нурафшон” дея ном берилди. Бугун бу марказ Кимёгарлар шаҳарчаси аҳолисининг севимли масканига, ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказувчи, санъатга, маданиятга ошно қилувчи марказга айланди.

Мазкур маданият марказида кутубхона ва 10 га яқин тўгараклар, ёшлар боғи ва кафеси, замонавий футбол майдони фаолият юритмоқда. 350 томошабинга мўлжалланган концерт зали замон талаблари даражасида таъмирланиб, жиҳозланди. Санъат саройида “YAMAHA” фирмасининг ускуналари билан жиҳозланган замонавий овоз ёзиш студияси ташкил қилинди. Марказ ҳовлисида мусиқали фаввора ўрнатилди.

Ҳудуддаги неча йиллардан буён таъмирталаб йўлларга асфальт ётқизилди, турар-жойлар ободонлаштирилди, ёриткич симёғочлар ва велосипед йўлаги қурилди.

Шунингдек, шаҳардаги Ҳазора маҳалла фуқаролар йиғинида 200 қатновга мўлжалланган, 3 қаватли 9-оилавий поликлиниканинг замонавий биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

Поликлиника биноси 1976 йилда қурилган бўлиб, илгари болалар боғчаси, кейинроқ мактаб сифатида фаолият кўрсатган. 2007 йилда поликлиникага мослаштириб берилган эди. Унинг эски биноси 120 қатновга мослаштирилган бўлиб, иссиқлик тизими мутлақо ишламас эди. Бу эса тиббиёт ходимларига ҳам, ташриф буюрувчиларга ҳам бир қатор ноқулайликлар туғдирарди.

2019 йилнинг июнь ойида янги поликлиника биноси қурилиши учун 4 миллиард 268 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Маъруф қурилиш сервис” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бугун барча қулайликларга эга, 200 қатновга мўлжалланган 3 қаватли замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Муассаса “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Лаборатория учун замонавий биохимик анализатор, бинокуляр микроскоп, замонавий уч каналли ЭКГ аппарати ва замонавий компьютерлар ажратилди. Эътиборлиси, “Аёллар маслаҳатхонаси” бўлими, “Оналар мактаби”, “Соғлом она ва бола” хонаси ажратилиб жиҳозланди. Тез тиббий ёрдам ходимлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Бугун ушбу муассаса шифокорлари ва тиббиёт ходимлари янги бинода ҳудуддаги 5 та маҳалла – “Боғисарой”, “Ҳунармандлар”, “Хазора”, “Ватанпарвар” ва “Дўстлик” маҳаллаларидаги 29 мингдан зиёд аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни бошлади.

Вилоятнинг Оқдарё туманида эса “Afrasiab jeans textile” корхонаси иш фаолиятини бошлади. Жинси матолари ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонани қуриб, ишга тушириш учун 40 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

Бир йилда 22 миллион пагонометр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада айни пайтда 1100 нафар маҳаллий аҳоли муқим иш жойига эга бўлдилар.

Янги объектларнинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирларда Президент маслаҳатчиси Т. Худойбергенов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Муаллиф: Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?