Самарқандда тез ёрдам машиналарига бўлган эҳтиёж 130 фоиз бажарилди

17:25 03 Август 2020 Жамият
234 0

Самарқанд вилоятида бугунга келиб аҳолининг тез тиббий ёрдамга мурожаатлари сезиларли даражада камайди. Буни рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, 20 — 25 июль кунлари 3500 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлса, шу кунларда 103 рақамига ўртача 2400-2500 та қўнғироқ қайд этилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида ўтказилган навбатдаги брифингда маълум қилинди.

Таъкидланишича, кейинги кунларда тез ёрдам бригадаларининг моддий-техник ҳолати тубдан яхшиланишга эришилди. Тез ёрдам машиналарининг сони 280 тадан 363 тага етказилди. Вилоятнинг тез ёрдам машиналарига бўлган эҳтиёжи 130 фоизга бажарилди.

Бундан ташқари, Жиззахдаги «Фолксваген» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган 10 та махсус тез ёрдам машинаси ҳам харид қилинмоқда.

— Олдинги брифингда Самарқанд шаҳридаги Олимпия захиралари тайёрлаш марказида 1080 ўринли шифохона қурилиши ҳақида гапирган эдик, — дейди вилояти ҳокими Э.Турдимов. — Бугун мана шу муассаса фойдаланиш учун тайёр бўлди. Шифохонада коронавирус инфекцияси билан касалланган ва пневмонияга чалинган беморларни даволаш учун барча шарт-шароит яратилди. Энг зарур дори ва тиббий асбоб-ускуналар — ИВЛ, кардиомонитор, Бобров аппарати, небулайзер билан жиҳозланди. 1080 та ўриннинг барчасига консоль ўрнатилиб, беморларнинг кислород билан даволаниши таъминланди.

Мазкур шифохонада жами 34 нафар врач, 90 нафар ҳамшира ва 90 нафар кичик тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. Бу ерга олиб келинган бемор шу ернинг ўзида рентгенга туширилиб, кардиолог, терапевт ва бошқа тор мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилади.

Янги ташкил қилинган лабораторияда коронавирус учун тест ҳамда беморнинг ҳолатига қараб бошқа таҳлиллар ҳам шу ернинг ўзида олинади. Беморларга кислород узлуксизлигини таъминлаш мақсадида шифохонага замонавий кислород станцияси ҳам қўйилади.

Бугунги кунда вилоятимизда 3 ойга етадиган дори-дармон воситалари захираси яратилган. Бундан ташқари, уйда даволаниш учун қолдирилган беморлар учун 5 000 дона дори жамланмаси тайёрланди.

Тегишли поликлиникалар врачларининг тавсияси билан ушбу дори-дармон жамланмалари беморларга берилади.

Марказий ҳарбий округининг Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида ҳам 1000 ўринли шифохонани тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди.

Шу кунларда даволанаётган беморларни тиббий консилиум қилиш учун Германиядан вирусолог олим, профессор Бар Варнерни Самарқандга таклиф қилинди. Ушбу шифокор 3 кун давомида вилоятда коронавирусга чалинганлар билан амалга оширилаётган профилактик ва даволаш ишлари билан танишиб, ўзининг зарур маслаҳатларини ҳам берди.

Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги фармонига асосан «темир дафтар»га киритилган 47770 та оилалардан 10 мингтаси танлаб олинди ҳамда уларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам етказиб берилди.

Қўшимча равишда қурбон ҳайити арафасида маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомийлар томонидан яна шу тоифадаги 2000 га яқин оилаларга жами 2 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари берилди.

Самарқанд вилояти бўйича 47770 та ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг 213 минг нафар аъзоларига зарур озиқ-овқат тўпламини харид қилиш харажатларини қоплаш ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида оилаларнинг ҳар бир аъзоси учун 220 минг сўмдан бир марталик ёрдам пулини 15 августгача ажратиш белгилаб олинган.

Вилоят бўйича тарқатилиши белгиланган пул маблағларининг жами қиймати қарийб 47 миллиард сўмни ташкил этади. «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларимиз бундан кейин ҳам давом этади.

Пандемия шароитида фуқаролар томонидан «иш йўқ» деган жуда кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Иш йўқ эмас, ишлашга ҳаракати, хоҳиши бор инсонларга иш ҳамиша топилади.

Бугунги кунда вилоятда биргина қурилиш соҳасида 8,5 мингдан кўпроқ вакант иш ўрни бор. Бундан ташқари 78 минг гектар майдонга экилган такрорий экинларни парваришлаш учун 10 мингдан зиёдроқ ишчи кучига талаб мавжуд.

Шунингдек, 754 нафар ўқитувчи-педагог ходимлар, 648 нафар соғлиқни сақлаш тизимининг турли йўналишларида олий маълумот талаб этиладиган бўш иш ўринлари бор. Бу жойларга айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлашиши мақсадга мувофиқ бўлади. Йил охиригача вилоятда 21 800 та янги иш ўрни яратилади.

Шу билан бир қаторда жорий йил якуни билан ижтимоий ҳимояга муҳтож «Темир дафтар»даги фуқароларга шахсий томорқа хўжаликларида енгил конструкцияли иссиқхона, уруғлик ва кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини харид қилиш учун 16,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиш ҳисобига 3351 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?