Самарқандда нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда

14:07 03 Март 2020 Жамият
592 0

Фото: Алихан Утарбеков ​/ «Халқ сўзи»​

Самарқанд шаҳридаги Форумлар саройида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Фото: Алихан Утарбеков ​/ «Халқ сўзи»​

Унда ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация, шунингдек, Босния ва Герцеговина, Германия, Иордания, Индонезия, Малайзия, Покистон, Россия, Туркия, Украина, Швейцария, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Конференциянинг очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқалар иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййибга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди.

Фото: Алихан Утарбеков ​/ «Халқ сўзи»​

Анжуманда Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва фаолларининг бу ҳақдаги қарорини ўқиб эшиттирди. Шайх Аҳмад Таййибга ушбу унвон ва эсдалик совғалари топширилди.

Шайх Аҳмад Таййиб ушбу юксак эътибор ҳамда Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимотига бағишланган нуфузли конференциянинг ўтказилиши ташаббускори бўлган Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, азалдан маданият, маърифат ва таълим марказларидан бири сифатида эътироф этиладиган кўҳна Самарқанд, хусусан, аллома бобомиз Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ислом тараққиётидаги беқиёс ўрнини эътироф этди.

Фото: Алихан Утарбеков ​/ «Халқ сўзи»​

Танаффус пайтида “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эзгу тилаклари ёзилган номаси ва Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг XIII асрга оид нусхаси — факсимилеси топширилди.

Шайх Аҳмад Таййиб ушбу юксак эътибор учун миннатдорлигини қайд этиб, Президентимизга ҳам ўзининг чексиз эҳтиромини билдирди. Туҳфа қилинган ноёб китоб эса “Ал-Азҳар” мажмуасида қимматли тарихий манба сифатида ўрганилиши ва янада кенг тадқиқ этилишини маълум қилди.

Фото: Алихан Утарбеков ​/ «Халқ сўзи»​

Ялпи йиғилиш давом этяпти. Тадбирда мартабали хорижлик меҳмонлар — “Ал-Азҳар” мажмуаси вакиллари, шунингдек, эътиборли уламолар кенгаши ва Мусулмон донишмандлари кенгаши алломаларининг маърузалари тингланмоқда.

Анжуманнинг ялпи йиғилишида мамлакатимизда сўнгги йилларда асрий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, хусусан, эзгулик ва яхшиликка асосланган ислом динининг асл моҳиятини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ислом дини ривожида беқиёс ўрин эгаллайдиган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуманда муҳокама этиладиган мавзулар исломнинг асл моҳиятини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши, конференция якуни бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар эса ислом маданияти ва цивилизациясини янада тараққий эттиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев ("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?