Самарқандда Мирзо Улуғбек номидаги I халқаро олимпиада бошланди

18:06 20 Июнь 2018 Жамият
897 0

Самарқанд темирйўл вокзалида мамлакатимизда физика ва астрономия фанларидан умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида илк маротаба ўтказилаётган Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада иштирокчилари вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди.

Меҳмонлар қадимий ва навқирон шаҳарнинг тарихий обидалари, диққатга сазовор масканларини зиёрат қилишди. Мирзо Улуғбек обсерваториясини томоша қилиб, улуғ астроном ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

“Мўъжиза” амфитеатрида ўтказилган олимпиаданинг очилиш маросимида аждодларимизнинг ибратли ҳаёти, серқирра фаолияти, илм-фан ривожи йўлида амалга оширган ишлари бугун жаҳон аҳлини ҳайратга солаётгани, Ўзбекистон замини нафақат Шарқ, балки умумжаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлгани халқаро миқёсда тан олинаётгани таъкидланди. Хусусан, Мирзо Улуғбек Хитойдан Византиягача, Эрондан Усмонлилар салтанатигача бўлган мамлакатлардан олимларни чорлаб, уларга ҳомийлик қилган. Аллома раҳнамолигида олимлар риёзиёт, ҳандаса, табиатшунослик каби аниқ фанлар соҳасида самарали илмий изланишлар олиб борган. Олимнинг “Зижи Кўрагоний” асари бугунги кунда ҳам кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро танловда юртимиз ёшлари билан бирга Россия, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва бошқа давлатлардан ўқувчилар қатнашмоқда. Физика ва астрономия фанлари бўйича ўтаётган олимпиада материаллари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган. Иштирокчилар билимини дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг профессор-ўқитувчилари, юртимизнинг тажрибали олимлари, амалиётчи ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар баҳоламоқда.

— Мирзо Улуғбекнинг жаҳон илм-фани, айниқса, астрономия ривожига қўшган ҳиссаси, хусусан, унинг мингдан зиёд юлдузнинг осмондаги аниқ координатаси жамланган астрономик жадвали — “Зижи Кўрагоний” асари ўрта асрларда Осиё ва Европа мамлакатларида кенг тарқалгани ҳақида устозлардан эшитганман, — дейди қозоғистонлик иштирокчи Ержон Кенгесов. — Европалик астрономлар уни лотин, француз, инглиз тилларига таржима қилган, унга шарҳлар битишган. Ўрта асрларда ёзилган ҳеч бир астрономик асар бунчалик кенг оммалашмаган ва шуҳрат қозонмаган экан. Алломанинг расадхонасини томоша қилиб, буюк бобокалонимиз қўллаган осмон жисмларини кузатишнинг ўзига хос усуллари, асбоб-ускуналардан ҳайратим ошди. Ўз даврида жаҳон астрономия марказига айланган бу даргоҳ ҳар бир Марказий осиёликнинг қалбини ғурурга тўлдиради, албатта. Кўп йиллар самони кузатган, қуёш, ой, сайёраларнинг ҳаракатларини ўрганган, юлдузлар координатасини аниқ ўлчаган буюк олим номидаги ушбу олимпиада биз, ёшларни буюк аждодларга муносиб бўлишга, ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга ундайди.
Халқаро олимпиада ғолиблари шу йилнинг 23 июнь куни тантанали тақдирланади.
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019