Самарқандда мактаблар очилиши ортга сурилди. 21 сентябрдан фақат иккита мактабда дарслар бошланади

19:54 12 Сентябр 2020 Жамият
1261 0

Бугун, 12 сентябрь куни Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда шаҳар халқ таълими бўлими мудири Н.Садинованинг ахбороти эшитилди. Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари фаолияти муҳокама қилинди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида 81 та умумтаълим мактаби бор. Бундан ташқари «Баркамол авлод» болалар маркази ҳамда СамДУ ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаби фаолият юритмоқда. Уларда 96 минг 831 нафар ўқувчи таҳсил олади. Таълим муассасаларида 5 119 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда.

Садинованинг маълум қилишича, 25-26 август кунлари шаҳардаги барча мактабларда ота-оналар билан суҳбатлар ўтказилган ва унда таълим жараёни қандай тарзда бошлаш ҳақида сўровнома ўтказилган.

Сўровнома натижасига кўра жами ота-оналарнинг 69,1 фоизи фарзандлари дарсларни онлайн тарзда олишини билдирган. 30,9 фоиз ота-она эса анъанавий таълим берилишини афзал кўрган. Сўровномада қатнашган ота-оналарнинг маълум бир қисми фақат бошланғич таълимни анъанавий тарзда бошлаш таклифини билдирган.

Шундан сўнг, Самарқанд шаҳридаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб фақат бошланғич синфлар учун анъанавий таълим йўлга қўйилиши белгиланди.

Жумладан, жорий йил 21 сентябрдан шаҳардаги фақатгина иккита – 9 ва 58-мактабларнинг бошланғич (1-4) синфлари учун анъанавий таълим жараёнини бошлашга рухсат берилди.
Қолган мактабларда анъанавий таълим бериш жараёни фақат шаҳар санитария-эпедемиология ва осойишталиги маркази хулосасига кўра амалга оширилади.

Маълумот учун, Республика Махсус комиссиясининг қарорига кўра, мамлакатда 7 ва 14 сентябрдан ҳудудлардаги эпидемиологик ҳолатга қараб мактабларни очишга рухсат берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?