Самарқандда карантиндан қочган фуқаро Деновда қамоққа олинди

10:51 22 Март 2020 Жамият
185 0

Фото: www.google.com

Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 16 март куни 14 кунлик карантинга жойлаштирилган фуқаро А.А. 20 март куни соат 22:00 атрофида яширин равишда шифохонадан қочиб кетган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, фуқаро А.А. 16 март куни Москва орқали Жанубий Кореядан Ўзбекистонга қайтиб келган. Шу куннинг ўзида Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 14 кунлик карантинга жойлаштирилган. Аммо карантиннинг бешинчи куни — 20 март соат 22:00 даги йўқлама вақтида у шифохонадан қочиб кетгани маълум бўлган.

“У яшаш манзили — Денов туманида ушланган. У ҳозирда гумонланаётган коронавирус касаллигига чалинган бўлиши мумкинлиги, карантинга олинган жойдан яна қочиб кетиши ва атрофдагиларни жиддий хавф остида қолдириши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан ʼқамоққа олишʼ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилди”, — дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу шахс ўз уйида ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида карантинда сақлаш учун изолацияга олинган. Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25, 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Самарқанддаги карантин марказидан 66 ёшли паркентлик фуқаро қочиб кетгани, Қашқадарёдаги карантин марказидан эса 25 ёшли наманганлик йигит қочишга уринган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Уларнинг ҳар иккиси Россиядан поездда қайтган эди. Маълумотларга кўра, улардан биринчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019