Самарқандда йил бошидан буён 122,7 млрд сўм солиқлар ҳисобланмай қолиб кетган

18:32 21 Май 2019 Иқтисодиёт
336 0

Жорий йилнинг I чораги давомида Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган камерал назорат тадбирлари натижасида 7222 та корхона томонидан 122,7 млрд. сўм миқдоридаги солиқ ҳисобланмай қолаётгани аниқланди. Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси давлат солиқ катта инспектори Умид Алимов “Халқ сўзи“га маълум қилди.

Жумладан, 6577 та корхона 119,8 млрд. сўм миқдоридаги солиқни ҳисобламаганлиги тасдиқланди. Шунингдек, 85,2 млрд. сўм ҳисобланган қўшимча солиқлар бюджетга ундирилган.

Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “A.T.” МЧЖда ўтказилган камерал назорат тадбирида солиқлар ҳисоб-китобида хатоларга йўл қўйилгани аниқланди. Чунончи, тадбиркорлик субъекти 2018 йил учун тақдим этган қўшилган қиймат солиғи ҳисоботида товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан соф тушумни 692,9 млн. сўм, ҚҚСни 138,6 млн. сўм сифатида кўрсатган.

Ташқи манбадан олинган маълумотга кўра, авиаташувларни олдиндан брон қилиш, қайта расмийлаштириш ва сотишни амалга оширишда воситачилик фаолияти билан шуғулланган “A.T.” корхонасига тўлаб берилган мукофот пуллари 965,6 млн. сўм (шундан ҚҚС 160,9 млн. сўм) ҳисобланган. Ҳолбуки, ҚҚС ҳисоботида эса 134,1 млн. сўм кўрсатилмаган. Бунинг оқибатида бюджетга 22,3 млн. сўм ҚҚС ҳисобланмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектига мурожаат хати юборилиб, камчиликлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Самарқанд шаҳридаги “S.E.” МЧЖ жорий йилнинг I чораги якуни бўйича солиқ органларига ноль кўрсаткичда ҳисобот тақдим этган. Ташқи манба маълумотларида жамият томонидан 2019 йил январь-март ойларида товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилинганлиги натижасида банк ҳисоб рақамига жами 135,5 млн. сўмлик тушум амалга оширилгани қайд қилинган. Натижада 22,6 млн. сўм қўшилган қиймат солиғи давлат бюджетига ҳисобланмасдан қолгани аниқланди.

Тадбиркорлик субъектига мазкур камчиликлар юзасидан талабнома юборилди. “S.E.” МЧЖ ушбу камчиликлар юзасидан 16,0 млн. сўмга қўшилган қиймат солиғи бўйича қайта ҳисоботлар ва 6,6 млн. сўмга тафовутлар асосини тақдим қилди.

Ургут туманида фаолият олиб борувчи “U.T.” МЧЖ ҳам камчиликларга йўл қўйгани камерал назорат орқали юзага чиқди. Чунончи, “U.T.” 2018 йил давомида солиқ имтиёзларида нотўғри фойдаланган экан. Бунинг оқибатида 8,3 млн. сўм ягона солиқ тўлови тўланмай қолган. Тадбиркорлик субъекти ушбу камчиликларни бартараф этиб, 8,3 млн. сўм ягона солиқ тўловини бюджетга тўлаб берди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019