Самарқандда илк бор 10 нафар бемор болада очиқ усулдаги кардиожарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди

15:29 18 Январь 2019 Жамият
315 0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили ҳар юз минг чақалоқдан олти-ўн нафари туғма юрак нуқсони билан туғилади. Шу боис ушбу хасталикнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва бемор болаларни дарддан фориғ этиш замонавий тиббиёт олдидаги долзарб вазифалар сирасига киради.

Мамлакатимизда бу борадаги муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларидек мураккаб жарроҳлик амалиётлари Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг юқори тиббий технологиялар билан жиҳозланган кардиожарроҳлик мажмуасида, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида, шунингдек, Андижон, Наманган ва Хоразмдаги шифо муассасаларида муваффақиятли ўтказилмоқда.

2018 йилда Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар кардиожарроҳлик бўлимининг ташкил этилиши бундай замонавий шифо масканлари сонининг яна биттага кўпайтирди. Мазкур муассаса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги кўмагида болалар кардиожарроҳлигида қўлланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Жумладан, клиникада операцияларни халқаро андозалар талаблари асосида ўтказиш имконини берадиган замонавий сунъий қон айланиш аппарати мавжуд.

Ушбу клиниканинг яна бир ютуғи – бу ерда юқори малакали мутахассисларнинг жамланганидир. Мамлакатимиз олимлари ва малакали шифокорлар билан бир қаторда Москвадаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида фаолият юритган уч нафар юртдошларимиз – тиббиёт фанлари номзоди Мақсуд Саидов, малакали шифокорлар Икром Маллаев, Мирзоҳид Темировлар юртимизга қайтиб халқимизга замонавий тиббий хизмат кўрсатмоқда. Шундай юқори малакали мутахассислар жамланган кардиожарроҳлик бўлимида бир йилга яқин вақт мобайнида саксон нафардан кўпроқ бемор болаларда юқори технологияли операциялар ўтказилди.

Мутахассислар таъкидлашича, болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларининг тури кўп. Уларнинг баъзиларини ёпиқ йўл билан операция қилиш орқали даволаш мумкин. Бироқ, юрак клапанлари билан боғлиқ мураккаб паталогияларни фақат очиқ операция усулидагина бартараф этиш мумкин. Бу операцияни ўтказиш учун сунъий қон айланиш аппарати ва бошқа замонавий тиббий шароитлар, энг муҳими, малакали мутахассислар ҳамкорлиги талаб этилади. Айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида шундай шароит яратилган.

Қувонарлиси, куни кеча марказда сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида тўхтатилган юракда ўн нафар беморда очиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бўлмачалараро тўсиқ нуқсони ва қоринчалараро тўсиқ нуқсони бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди. Телетиббиёт имкониятларидан фойдаланиб ўтказилган операцияни россиялик мутахассислар кузатиб борди. Яқин кунларда бўлимда яна ўнлаб бемор болаларда шундай ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш, жорий йил мобайнида эса яна 300 нафардан зиёд бемор болага шундай юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.

– Болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларини очиқ усулда операция қилиш дунёнинг ривожланган мамлакатларидагина амалга оширилади, – дейди марказ кардиохирургия бўлими бошлиғи Мақсуд Саидов. – Давлатимиз томонидан яратилган кенг имкониятлар туфайли бундай замонавий операция мамлакатимиз тиббиётига ҳам татбиқ этилмоқда. Жумладан, энди бундай жарроҳлик амалиётлари Самарқандда ҳам бажарилади. Бундай имкониятлар юртимга қайтишимга туртки бўлди. Бу ерда самарали меҳнат қилишимиз, илмий салоҳиятимизни рўёбга чиқари, дунёнинг тиббиёти тараққий этган клиникалари билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин.

Бундай юксак эътибор тиббиётимизнинг илғор мамлакатлари билан тенглашиши, энг муҳими, халқимизнинг тиббий хизматдан рози бўлишига эришиш йўлида муҳим қадам бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019