Самарқандда ҳужжатсиз фаолият юритаётганларнинг 30 млн сўмдан ортиқ товарлари олиб қўйилди

09:36 11 Февраль 2019 Жамият
452 0

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳар ва туманларда тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётганларни аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ДСБ Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Шамиль Муталибов “Халқ сўзи”га маълум қилди.

Нарпай тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Ғ.Ч ўз уйида давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда стоматология хизматини кўрсатиб келгани аниқланди. Натижада фуқародан далилий ашё сифатида 15 млн сўмлик бормашина ва 1,3 млн сўмлик ҳаво компрессори вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилди.

Тайлоқ туманида ўтказилган назорат тадбирида давлат рўйхатидан ўтмасдан савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган “тадбиркорлар” аниқланди. Хусусан, фуқаро Ҳ.Н ҳужжатсиз аёллар кийим-кечаги савдоси билан шуғулланганлиги учун ундан жами қиймати 5 млн 580 минг сўмлик товарлар далилий ашё сифатида олинди. Тайлоқлиқ Ҳ.А ҳам давлат рўйхатидан ўтмасдан, эркаклар пойабзаллари ва кийим-кечаклари савдоси билан шуғулланиб келгани маълум бўлди. Назорат тадбири давомида ундан 1 млн 265 минг сўмлик товарлар олиб қўйилди.

Шу тумандан М.Д аёллар кийим-кечаги савдоси билан ҳужжатсиз фаолият юритишни ўзига эп кўрган. Давлат рўйхатидан ўтмай фаолият юритган фуқаронинг 3 млн 705 минг сўмлик товари далилий ашё сифатида олинди.

Жомбойлик Т.А эса ўзи яшаб турган хонадонда ноқонуний равишда яширин цех ташкил этишдан тап тортмади. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида сири фош бўлган “тадбиркор”нинг қиймати 700 минг сўмлик алюминий профилларга ишлов берувчи фреза аппарати ва 250 минг сўмлик дрели олиб қўйилди.

Жорий йилнинг 1-6 февраль кунлари жойларда ўтказилган 15 та назорат тадбири давомида тегишли ҳужжатларсиз фаолият юритиб келган фуқаролардан жами 30 миллион 441 минг 800 сўмлик товарлар олиб қўйилганини таъкидлаш жоиз.

Вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида жорий йилнинг февраль ойида 717 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, 314 нафар тадбиркор фаолиятини қайта тиклади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019