Самарқандда “Ҳудудлар ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

10:04 23 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
221 0

Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг 21 август куни Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида бўлиб ўтган кўргазмада юртимизга импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва тадбиркорлар билан кооперация алоқаларини ривожлантириш борасида мутасаддиларга қатор топшириқлар берган эди. Ана шу вазифаларнинг ижроси доирасида Жомбой туманида жойлашган “Uz Auto TRAILER” масъулияти чекланган жамиятида «Ҳудудлар ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш»га бағишланган кўргазма ташкил этилди.

22-23 сентябрь кунлари ўтказилаётган мазкур кўргазмада Вазирлар Маҳкамаси, «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ва Савдо-саноат палатаси масъуллари, вилоят ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда вилоятдаги автомобиль корхоналари раҳбарлари, ҳудудлардаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар иштирок этишмоқда.

Мазкур кўргазма юртимиздаги кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда автомобилсозлик корхоналари ўртасида саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш мақсадида ўтказилмоқда.

— Президентимизнинг топшириқлари асосида жорий йилнинг 28 август куни вилоятимизда ҳам шундай кўргазма ташкил этилди. Ўтган вақтда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан 300 дан ортиқ тадбиркор келиб 37 йўналишда меморандумлар имзолади, - дейди вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. - Бу галги кўргазманинг биринчи кунида республикамизнинг 10 дан ортиқ вилоятларидан 150 дан зиёд ишлаб чиқарувчилари келиб, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлар билан танишмоқда. Вилоятимиздаги 3 та корхона мисолида оладиган бўлсак, ўтган 8 ойда корхоналаримиз томонидан 93,5 миллион долларлик эҳтиёт қисмлар импорт қилинган. Бу оддий бутловчи буюмлар учун ҳам валютанинг четга чиқарилаётганини кўрсатмоқда. Мазкур кўргазмада маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлар 3 хил рангга ажратилиб, эҳтиёж, импорт сўммаси, талаб миқдорлари белгиланган. Яъни, кўк рангдагилар маҳаллийлаштирилган, сариқ ранглилари бўйича жараён давом этмоқда ва қизил рангдаги бутловчи қисмлар хориждан импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳисобланади. Бу маҳсулотларни юқори технологияли бутловчи қисмлар бўлмаганлиги учун кичик тадбиркорлик субъектлари ҳам ишлаб чиқариши мумкин.

— Биз енгил ва юк автомобиллари учун 100 дан ортиқ ёритиш чироқлари, ён кўзгулар ишлаб чиқарамиз, - дейди Наманган вилоятидаги “КАDEER PARTS INDUSTRY” хорижий корхонаси директори Меҳрузбек Жўраев. – Маҳсулотимизнинг бир қисмини ички бозорга ҳамда МДҲ давлатлари, Корея, Хитой ва Европа мамлакатларига экспорт қиламиз. 28 августда ташкил этилган кўргазмада Самарқанд вилоятидаги 3 та корхонага 3 минг жуфт ёритиш чироқлари етказиб бериш борасида меморандум имзолаган эдик. Бугунги кўргазмада маҳаллийлаштириш мураккаб бўлмаган маҳсулотларни аниқлаб, корхонамизда ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганяпмиз.

Кўргазмада ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ва В2В форматидаги учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?