Самарқандда гултувакка экилган марихуана ўсимлиги топилди

17:31 13 Август 2018 Жамият
930 0

Яқинда Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, жорий йилнинг июн-июл ойларида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” ТИФ божхона пости “Халқаро почтамт” филиалига Буюк Британия ва Голландия давлатларидан Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Л.Д. номига гиёҳвандлик воситалари келгани аниқланди.

Божхона ходимлари калаванинг учини топиш мақсадида арқонни узун ташлашди ҳамда тегишли почта жўнатмаларини Самарқанд шаҳар почта хизматига топшириб, фуқаро Л.Д.ни тезкор кузатувга олишди. Натижада, фуқаро Л.Д. почта хизматидан ўзининг “совға”ларини қабул қилиб олаётганида божхоначилар томонидан уюштирилган кутилмаган “совға”га дуч келиб қолди.

Шундан сўнг фуқаро Л.Д.нинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу хонадонда умумий миқдори 84,4 грамм бўлган ҳар хил турдаги гиёҳвандлик моддалари ва гултувакка экилган марихуана ўсимлиги борлиги аниқланди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, фуқаро Л.Д.нинг кирдикорларига божхоначилар томонидан ўз вақтида чек қўйилди.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари амалга ошириляпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар