Самарқандда ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви якунланди

03:49 14 Январь 2019 Жамият
681 0

Фото: Анвар Илёсов.​

2019 йилнинг 12-13 январь кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон — Марказий Осиё” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида хабар қилинади.

Самарқанд Форумлар саройида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сушма Свараж раислик қилдилар.

Ялпи сессияда Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Чингиз Айдарбеков, Бейбут Атамқулов, Сирожиддин Муҳриддин, Рашид Мередов икки ва кўп томонлама шаклларда Ҳиндистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.

Тадбирда ўзаро савдо ўсишига кўмаклашиш чоралари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя, инновация, технологияларни жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатларининг транзит ҳамда транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, туристик сафарларни ошириш, шунингдек, илм-фан, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Делегациялар раҳбарлари нутқларида БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини инобатга олган ҳолда ёшларга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилди.

Мулоқотнинг алоҳида ялпи сессиясида Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний бошчилигидаги делегация иштирок этди.

“Ҳиндистон — Марказий Осиё” мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари Афғонистоннинг нуфузли делегацияси иштирокини маъқулладилар ҳамда мамлакатни минтақа ва жаҳон иқтисодий алоқалари тизимига жалб этишга хизмат қиладиган қўшма инфратузилма, транзит-транспорт, энергетика ҳамда бошқа лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Томонлар 2019 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясини (РECCА ВИИИ) ўтказишга тайёргарлик доирасида ҳамкорлик қилишга ҳозир эканликларини тасдиқладилар.

Делегациялар раҳбарлари Мулоқот иштирокчи давлатлари ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни фаоллаштириш, маданий тадбирлар, Афғонистон билан таълим ва илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга улкан салоҳият мавжудлигига эътибор қаратдилар. Халқаро ёшлар форумлари, фестиваллар, танловлар, илмий анжуманлар, кўргазмалар ҳамда бошқа қўшма тадбирларда Афғонистон томонининг иштирок этишига кўмаклашиш истагини изҳор этдилар.

Таъсис саммити якунларига кўра, Қўшма баёнот қабул қилиниб, унда ташқи ишлар вазирлари даражасида “Ҳиндистон — Марказий Осиё” мулоқоти жорий этилганлиги тўғрисида маълум қилинди.

Умуман олганда, вазирлар учрашуви якунлари Мулоқот доирасида кўп қиррали, ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда ривожлантиришга умумий қарашлар ва ёндашувлар мавжудлигидан далолат беради.

Ташқи ишлар вазирлари даражасида мунтазам равишда Мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан вазир Сушма Сваражнинг навбатдаги вазирлар учрашувини 2020 йили Ҳиндистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.

Учрашув қатнашчилари нутқларида асрлар давомида Марказий Осиёнинг Ҳиндистон яримороли билан кенг қамровли сиёсий-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлигида фаол роль ўйнаган қадимий Самарқандда Мулоқотнинг биринчи учрашуви ўтказилишида чуқур рамзий маъно мавжудлиги қайд этилди.

Мулоқот якунига етгач, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган брифингда сўзга чиқдилар.​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019