Самарқандда бир ойда 143 нафар ноқонуний ёлланган ишчилар аниқланди

14:43 04 Февраль 2019 Жамият
417 0

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд вилояти солиқ бошқармаси томонидан жами 255 та хронометраж тадбири ўтказилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари томонидан норасмий равишда 143 нафар ишчи ёллангани аниқланди.

Январь ойи мобайнида вилоят бўйича хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган 147 та назорат тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбирларда ҳужжатсиз озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат, алкоголь, тамаки маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, диск билан савдо қилиш, яширин цех фаолиятини йўлга қўйиш ҳолатлари аниқланди.

Бугунги кунда давлат рўйхатидан ўтиб, фаолият юритаётган тадбиркорлар 25427 нафарни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг январь ойида амалга оширилган профилактик суҳбатлар натижасида 758 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият бошлади. Шунингдек, 1283 нафар тадбиркор фаолиятини қайта тиклаганини таъкидлаш мумкин. Январь ойида тадбиркорлар томонидан 159 нафар ёрдамчи ходим рўйхатдан ўтказилди. Вилоят бўйича 414 нафар тадбиркор транспортда юк ташиш хизматларини кўрсатиб келмоқда. Ушбу йўналишда олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида шу йилнинг ўтган даврида 42 нафар тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида фақат чўнтагини ўйлаган “тадбиркорлар” фаолиятига чек қўйилмоқда. Фуқаро И.Ҳ Самарқанд шаҳри, Алишер Навоий кўчаси, 54-уйда жойлашган дўконда ноқонуний равишда болалар ўйинчоқлари савдоси билан шуғулланишни бошлагану, фаолиятини қонунийлаштиришни “унутиб” қўйган. Тадбир давомида дўконда мавжуд бўлган жами қиймати 60 миллион 612 минг сўмлик болалар ўйинчоқлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Самарқанд шаҳри, Сартепа масканида жойлашган дўконда DVD ва CD дисклар савдоси билан ноқонуний шуғулланиб, даромад олишни устун қўйган “тадбиркор” Ж.Х фаолияти учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш лозимлиги гўё ёдидан кўтарилган.Ўтказилган назорат тадбирида Ж.Х томонидан юритилган ноқонуний фаолиятнинг миси чиқди. Тадбир давомида дўкондаги мавжуд бўлган умумий қиймати 18 миллион 732 минг сўмлик 3122 дона DVD ва CD диск далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Тайлоқ туманида туғилган фуқаро Г.Т.“Ургут савдо комплекс”ида 26 миллион 362 минг 400 сўмлик, Самарқанд шаҳар, Рўдакий кўчасида яшовчи фуқаро М.А. 21 миллион 754 минг 100 сўмлик ҳар хил турдаги заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган.

Самарқанд шаҳар, У.Жўрақулов кўчаси, 166-уйда доимий яшаш манзилида фуқаро Ф.Ф. давлат рўйхатидан ўтмасдан “Akfa” ишлаб чиқариш цех фаолияти билан шуғулланиб келган. Савдода мавжуд бўлган 5 турдаги 29 миллион 522 минг сўмлик асбоб-ускуналари далилий ашё сифатида савдодан олиб қўйилди.Худди шу манзилда, “Akfa” ишлаб чиқариш цех фаолияти билан шуғулланиб келган фуқаро З.Ю.нинг савдода мавжуд бўлган 8 турдаги 10 миллион 991 минг сўмлик, фуқаро И.Х. нинг 8 турдаги 14 миллион 780 минг сўмлик асбоб-ускуналари далилий ашё сифатида савдодан олиб қўйилди.

Самарқанд шаҳар, Ойдин кўчасида “учар тадбиркор” С.Х. ҳеч қандай ҳужжатларсиз бильярд ўйинлари фаолияти билан шуғулланиб келган. У фаолият юритаётган бинодан 3 турдаги умумий қиймати 131 миллион 500 минг сўмлик буюмлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Самарқанд шаҳар, Мулён-2 маҳалласида фуқаро Қ.З. ҳам бильярд ўйинлари ташкил қилиб, мўмайгина даромадни кўзлаганлардан чиқиб қолди. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан унинг фаолиятига чек қўйилиб, 15 турдаги 109 миллион 994 минг сўмлик маҳсулотлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019