Самарқандда 698 та фермер хўжаликлари томонидан 53 минг 271 бош қорамол парваришланмоқда

16:37 28 Октябр 2020 Иқтисодиёт
202 0

«Ўзагроинспекциянинг» Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, вилоятда бугунги кунда чорвачилик йўналишида 1560 та, паррандачилик йўналишида 72 та ҳамда балиқчилик йўналишида 458 та субъектлар фаолият юритмоқда. Қорамолчиликка ихтисослашган 698 та фермер хўжаликлари томонидан 53 минг 271 бош қорамол парваришланяпти. Наслчиликни ривожлантириш юзасидан қабул қилинган дастурга кўра, 2020 йили 111 та наслчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан 1500 бош наслли қорамоллар келтирилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 1377 таси келтирилди.

Чорвачиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан аҳолига арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, кундалик ҳаётимиздада аҳоли талаб ва эҳтиёжи юқори ҳисобланган гўшт маҳсулотини барқарор нархларда етказиб бериш соҳа ходимлари олдидаги долзарб масалалардан бири саналади.

Кўпни кўрган, тажрибали чорвадорларнинг эътироф этишича, гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархини арзонлаштиришнинг муҳим омилларидан бири, унинг наслига боғлиқ. Шу мақсадда вилоятда чет давлатлардан наслли қорамол, қўй-эчкиларни келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4576-сонли қарори асосида кластер корхоналари ва наслчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига четдан келтирилган наслли қорамол, қўй ва эчкилар учун имтиёз берилиши қорамоллар наслини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Шу мақсадда Нарпай туманидаги «Рахимжон Ражабов чорваси» фермер хўжалиги «Халқ банки» АТБ Нарпай филиали томонидан ажратилган кредит маблағи ҳисобига Эстониядан умумий қиймати 830 миллион сўмлик 60 бош наслли ғунажин, Самарқанд туманидаги «Н.К.Мрамор» фермер хўжалиги томонидан эса Эстония давлатидан «Қизил Эстон» зотли 54 бош наслли қорамол келтирилди.

Маълумот ўрнида, Нарпай туманида мавжуд 41 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг 2 таси наслчиликка ихтисослашган. Айни кунларда бу ерда 480 бош наслли қорамол парваришланмоқда. Биргина 2019 йили хориждан 359 бош наслли қорамол келтирилган. 2020 йили чорвачилик йўналишида 11 миллиард 300 миллион сўмлик 13 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Самарқанд туманида эса чорвачилик йўналишидаги 38 та фермер хўжаликларининг 14 таси наслчиликка ихтисослашган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида тирик вазнда 4 минг 376 тонна гўшт, 3 минг 449 тонна сут маҳсулотлари истеъмолчиларга етказиб берилди.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?