Самарқандда 48 миллион 485 минг сўмлик дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди

18:06 17 Август 2020 Жамият
271 0

Ҳозирги коронавирус пандемияси даврида аҳолини дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Бу борада Ҳукуматимиз томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига дори воситаларини, тиббиёт буюмларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга бир қатор имтиёз берилган.

Афсуски, синовли кунларда баъзи «уддабуронлар»нинг ноқонуний тартибда дори-дармонлар олди-сотдиси билан шуғулланиб юрганлиги фош бўлди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида олиб борган тезкор тадбир давомида «Улуғбек» авто тураргоҳ ҳудудида турган Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.М.ни бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина кўздан кечирилди.

Автомашина юкхонасидан йўловчи сифатида кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Н.С.га тегишли бўлган полиэтилен пакетларга жойлаштирилган 50 дона «Слидерон», 100 дона “Stanhep” номли дори воситалари, 172 дона кўзойнаклар, 50 дона “RECYCLABLE” номли ва 51 дона “Face Shield” номли ҳимоя шлемлари, 489 дона “VIRUS SHUT OUT” номли ҳамда 31 дона “VIRUS BLOCKER DISINFECTION CARD” номли блокаторлар борлиги аниқланди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра қонунбузардан гувоҳлар иштирокида умумий қиймати 48 миллион 485 минг сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?