Самарқандда 2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш бошланди

13:11 29 Октябр 2020 Иқтисодиёт
148 0

Кўпни кўрган, тажрибали деҳқонларимиз - ер ҳайдасанг куз ҳайда-куз ҳайдамасанг юз ҳайда, дея бежиз таъкидлашмаган. Боиси, кузги шудгорлаш ишларининг сифатли ўтказилиши, келгуси йил қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Буни яхши англаган самарқандлик деҳқонлар 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларидан бўшаган 85 минг 350 гектар ер майдонини сифатли шудгорлашга киришдилар.

Мазкур муҳим агротехник 542 та қишлоқ хўжалиги техникалари иштирок этиши режалаштирилган. Уларнинг 244 таси юқори унумдор техника воситаларидир. Бир кунда бир дона трактор билан 5-8 гектар ер майдонини сифатли шудгорлаш белгиланган.

Шудгорлаш тадбирида қатнашадиган ҳайдов тракторларининг иши икки сменада ташкил этилиб,кўчма пайвандлаш аппарати, кўчма устахона, судратма ёқилғи тарқатиш агрегати, кўчма дам олиш хонаси билан таъминланади. Механизаторлар ва шудгорлаш тадбирида қатнашувчи ходимларни икки маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш режалаштирилган.

— «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан, кузги шудгорлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан кунлик мониторинг - таҳлил тадбирлари амалга оширилмоқда, - дейди Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Шаҳриддин Бутунов. — Ҳайдов тракторларининг мавсум давомида тўлиқ ишлашини таъминлаш мақсадида ҳар бир туманда эҳтиёт қисмлар, жиҳозлар, таъмирлаш материаллари захираси яратилди.

Шунингдек, шудгорланадиган майдонларга фосфорли минерал ўғитларнинг ажратилиши ва шудгорлашдан олдин берилиши ҳамда шудгорлаш ишларининг тўлиқ контурларда амалга оширилишини таъминлаш, дала четлари, симёғоч атрофларини шудгорлашга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?