Самарқанд шаҳри куни кенг нишонланди

18:57 18 Октябр 2019 Маданият
265 0

1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён мана қарийб чорак асрдирки ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади.

Оламга юз тутган, келажакка бўй чўзган Самарқанд бугун ҳам байрам оғушида. Айтиш жоизки, бу йилги байрамга ҳар йилгиданда ўзгача тайёргарлик кўрилди. Самарқанд шаҳар куни билан боғлиқ тадбирларнинг кўлами кенг ва ранг-баранг. “Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳар” шиор остида ўтказилаётган байрам тадбирлари вилоят ва шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган дастур асосида халқ сайли сифатида ташкил этилди.

Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб барчани байрамга чорлади. Асосий тадбирлар экомарафон билан бошланди. “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиори остида ўтказилган ушбу “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафонда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган минглаб фуқаролар иштирок этишди.

Вилоят жамоатчилиги вакиллари Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Бу ерда ўтган буюк аждодларимиз руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.

Айни пайтда Самарқанд шаҳри куни тадбирлари доирасида шаҳардаги 7 та маскан – Кимёгарлар қўрғони, Фарҳод ва Сўлим шаҳарчаларида, Регистон майдони, Ислом Каримов кўчаси ҳамда Алишер Навоий, “Ёшлик” номли маданият ва истироҳат боғлари, Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдон ва бошқа жойларда оммавий халқ сайиллари, маданий-маърифий тадбирлар, танловлар ва таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари давом этмоқда. Янграётган дилтортар тароналар, жажжи истеъдод соҳиб ва соҳибалари томонидан ижро этилаётган шўх-шўх рақслар барчанинг қалбига қувонч улашмоқда. Кишилар юзида табассум, қалбларда шукроналик. Байрам сайилларидаги ёшу-қарининг кўринишидан буни пайқаш қийин эмас.

- Самарқанд шаҳри куни муносабати билан бизнинг Кимёгарлар қўрғонида ҳам халқ сайли, байрам тадбирлари ўтказилаётганидан хурсандмиз. Бундай тадбирлар одатда шаҳар марказидаги истироҳат боғларида ўтказилар эди. Эндиликда бизнинг Кимёгарлар қўрғонимиз ҳам обод бўлиб, аҳоли учун барча қулайликлар яратилиб, мана шундай гўзал тадбирлар ўтказиладиган ажойиб масканга айланди, - дейди Гулшод Шарипова. – Бугунги кунда Кимёгарлар қўрғонида яшовчи барча фуқаролар бу ерда олиб борилган бунёдкорлик, ободончилик ишларидан жуда мамнун. Ана шундай обод масканга мана бундай байрамлар ярашади.

Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўтказилаётган сайилда тайёрланган ош ҳам дастурхонларга тортилди. - 150 килограммлик ош дамладик, - дейди ошпаз Абдуманнон Нусратов. - Унга 150 килограммдан гуруч ва сабзи, 100 килограмм гўшт, 30 литр ёғ ва бошқа маҳсулотлар солинди. Сайил ошини 1500 кишига тарқатишни ният қилганмиз.

Байрам тадбирлари доирасида Алишер Навоий кўчасида “Табиат саховати” ярмаркаси ҳам бўлиб ўтаяпти. Унда вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қайта ишланган истеъмол моллари халқимизга тортиқ қилинмоқда. Мазкур ярмарка 20 октябрга қадар давом этади.

- Бугун эрта тонгда поездда Эллик қалъадан Самарқандга келдим. Кўҳна кент тонггида сайр қилдим. Ободончилик, қурилиш ва озодаликка ҳавас қилдим. Кейин шаҳар куни муносабати билан Амир Темур мақбарасидаги хатми Қуръонда, Соҳибқирон ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида иштирок этдим, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Янгибой Қўчқоров. - Мана энди халқ сайлларидаги маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, базмларда қатнашяпман. Байрамдан олган бир олам таассуротлардан илҳомланиб, Самарқандга, самарқандликларга эҳтиромимни қоғозга туширдим. Янги ёзган шеъримни байрам иштирокчиларига ҳавола қилганимдан мамнунман.

Самарқанд шаҳар куни билан боғлиқ байрам тадбирлари давом этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019