Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия ярим марафони бўлиб ўтди

14:22 04 Ноябрь 2019 Жамият
80 0

1 - 3 ноябрь кунлари Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия ярим марафони ва унинг доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

3 ноябрь куни ўтказилган ярим марафонда дунёнинг 23 давлатидан келган 1100 нафардан ортиқ спортчи ва ҳаваскорлар қатнашди. Халқаро марафонда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовлар ҳам иштирок этиб қатнашчиларни табриклади. Шундан сўнг Ислом Каримов кўчасидан бирин кетин 10, 21.1, 2 километр масофадаги марафонга старт берилди.

Мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур халқаро марафон маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Марафондан тушган маблағ Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлошарҳлар ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳаси амалга оширишга йўналтирилади. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга имкон беради.

Марафончилар Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Ҳазрати Хизр масжиди, Хўжа Дониёр ёдгорлиги, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Бибихоним масжиди сингари тарихий обидалар олдидан белгиланган масофани босиб ўтдилар. Уларни шаҳар аҳолиси, меҳмонлар олқишлаб турди.

Дастлаб, маррага 10 километрлик масофани биринчи бўлиб босиб ўтган қозоғистонлик Дмитрий Иванчук етиб келди ва ўз шахсий рекордини янгилади.

- Ташкилотчиларга менга ушбу марафонда қатнашиш имконини бергани учун катта раҳмат, - дейди Дмитрий Иванчук. – Трассанинг мураккаблигига қарамай масофани биринчи бўлиб босиб ўтишга муваффақ бўлганимдан мамнунман.

Иккинчи ўрин ҳамюртимиз Евгений Фадеевга, учинчи ўрин эса қозоғистонлик яна бир спортчи Михаил Красиловга насиб этди.

10 километрлик масофада хотин-қизлар ўртасида ҳам қозоғистонлик яна бир спортчи Татьяна Нерознак ғолиб бўлди.

- Кичик масофада югуришга ўрганганман, - дейди Татьяна Нерознак. - Марафон барча қоидалар асосида ташкил этилган, шароитлар, ташкилотчилик аъло даражада. Айниқса, марафоннинг қадим ва бетакрор Самарқандда ўтказилаётгани жудаям маъқул келди. Одамларнинг меҳмондўстлиги ва эътибори жуда ёқди. 10 километрга югуриш бўйича аёллар ўртасида биринчи бўлганимдан жуда хурсандман.

Ўзбекистонлик Зарнигор Худайбердиева маррага иккинчи, Марина Хмелевская эса учинчи бўлиб етиб келишди.

21.1 километрга югурган марафончилар орасида ҳамюртимиз, сурхондарёлик Шоҳрух Давлатов ушбу масофани 73 дақиқада босиб ўтиб биринчи ўринга сазовор бўлди. Кейинги ўринларни ҳам мамлакатимиз вакиллари Андрей Петров ва Бегзод Сафаровлар қўлга киритди.

- Самарқандда марафонга жуда катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдим. Меҳмондорчилик учун миннатдорлик билдираман, - дейди Шоҳрух Давлатов. - Ўтказилган халқаро ярим марафонда ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман. Бу кун ҳаётимдаги тарихий кун бўлиб қолади.

Хотин-қизлар орасида ҳам ушбу масофада мамлакатимиз вакиллари тенгсиз эканликларини исботлади. Наманганлик Нурхон Муҳиддинова марра чизиғини биринчи босиб ўтган бўлса, Екатерина Тунгускова иккинчи, Тамила Кочкарова учинчи бўлди.

2 километр масофада марафон қатнашчилари сони кўп бўлди. Спортчилар билан бирга ҳаваскорлар ҳам югуришди. Ушбу масофада марра чизиғини фарғоналик Хуршид Аҳмадалиев биринчи бўлиб босиб ўтди. Хотин-қизлар ўртасида Самарқанд давлат университети талабаси Маржона Баротова биринчиликни қўлга киритди.

- Олти йилдан буён енгил атлетика билан шуғулланаман, - дейди Маржона Баротова. - Кўплаб мусобақаларда ғолиб бўлганман. Лекин бугунги ғолибликнинг завқи бошқача бўлди. Чунки, марафонда таниқли спортчилар билан бирга турли соҳалар вакиллари, кексалар, ҳаваскорлар ҳам фаол иштирок этишди.

Дарҳақиқат марафонда нафақатнишчилари орасида нафақат спортчилар, балки сенаторлар, депутатлар, тадбиркорлар, кексалар ва ҳаваскорлар ҳам бор эди. Шу нуқтаи назардан марафон фақат спорт эмас, балки бағрикенглик, саховат ва инсонийлик тарғиботчисига айланди.

Марафонда наманганлик 70 ёшли онахон ҳам иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди

- 1983 йилда илк марта халқаро марафонда иштирок этиб, ғолибликни эгаллагандим, - дейди Наманган давлат университети ўқитувчиси Людмила Музаффарова. - Ўшандан кейин кўплаб халқаро марафонларда қатнашдим. Германияда ўтказилган марафонда иштирок этиб, уларнинг спорт нормативларини бажарган илк хорижлик аёл спортчи сифатида эътироф этилдим. 70 ёшда эканим кўпинча хаёлимга ҳам келмайди. Шу йилнинг сентябрь ойида Москвадаги марафонда иккинчи ўринни эгалладим. Самарқанддаги ушбу мусобақа ҳам халқаро даражада ташкил этилибди.

Марафон сўнгида ғолиблар ташкилотчиларнинг пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланган бўлса, фаол иштирокчилар ва марафоннинг 74 ёшли Гельман Қосимов сингари энг кекса иштирокчилари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Абдулазиз Йўлдошев
(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019