Сайёр қабулда олинган 573 мурожаатнинг 529 таси жойида ижобий ҳал этилди 

13:24 26 Ноябрь 2019 Жамият
69 0

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг навбатдаги сайёр қабули ўзгача кўринишда ташкил этилди. Шу пайтгача фуқаролар ҳоким ҳузурига ташриф буюрган бўлсалар, бу гал ҳокимнинг ўзи фуқаролар хонадонига бориб, ҳар бир оила соҳиби билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Ана шундай сайёр қабуллардан бири Асака туманидаги Навкан ҳамда Ҳамдўстлик МФЙларида бўлиб ўтди. Натижада айрим замондошларимиз томонидан минг бир истиҳола ила юзага чиқмаётган муаммолар ҳам кўзга яққол ташланиб қолди. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида аҳолининг куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишлари учун шароит яратилиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув, йўл масаласидаги муаммоларининг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Фуқароларни қийнаб келаётган турар жой ва иш билан таъминланиш масалалари ҳам кун тартибидан четда қолмади.

Айтиш жоиз, Навкан маҳалласида 1250 та оила мавжуд бўлиб, ундан 147 тасида суюлтирилган газ муаммоси мавжудлиги аниқланди. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи кичкинтойларни эса ўйингоҳ масаласи қийнаб келаётганди. Бу каби муаммолар шу жойнинг ўзида ҳал этилиб, юртдошларимиз қувончига сабаб бўлинди.

Ҳамдўстлик МФЙда истиқомат қилувчи 2783 та оила аъзоларининг ҳам сайёр қабулдан кўнгли тўлди. Боиси, шу куни уларни қийнаб келаётган юзлаб муаммолар барҳам топди. Жумладан, кўп қаватли уйларда носоз ҳолга келиб қолган канализация тармоқларини янгилаш, марказий тармоққа улаш ишлари бажарилган бўлса, электр щитлари янгисига алмаштирилиб, кўчаларга чироқлар ўрнатилди.

-Кўп қаватли уйда икки ўғлимнинг оила аъзолари билан бирга яшайман,-дейди Маслаҳат кўчасининг 1-кўп қаватли уй 1-хонадонида яшовчи Тўлғоной Ғайнонова.-Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шахсан хонадонимга кириб, яшаш шароитим билан танишди. Шу куннинг ўзида уйимни иситиш воситалари билан таъминлаб, хоналаримизга эшиклар ўрнатиб беришди. Турмушдан ортиб, қўшимча турар жойга ошиқмагандик. Шу боис катта ўғлимга 2020 йилда қуриб битказиладиган уйлардан бирининг калити топшириладиган бўлди. Унинг дастлабки тўлови эса вилоят ҳокимлиги томонидан тўлаб берилар экан. Бундай эъзоздан ниҳоятда хурсандман ва қўлим доим дуода.

Вилоятда, жумладан, Асака туманида ҳам аҳолини қийнаб келаётган энг катта муаммолардан бири аҳолини иш билан таъминлаш масаласидир. Навкан ҳамда Ҳамдўстлик МФЙдаги фойдали ижтимоий меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида шу куни “Асака дон” АЖ ҳудудида жойлашган, фойдаланилмай турган уч қаватли бино ва 3 минг квадрат метр ер майдонида 30 иш ўринли қоп ишлаб чиқариш корхонасини барпо этишга қарор қилинди. Банк муассасалари иштирокида эса ҳар бир хонадонга кириб, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш истагидагиларга кредит маблағлари тавсия этилди. Натижада 52 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни шакллантириши учун, 37 нафарига эса доимий иш билан таъминланишлари учун амалий кўмак берилди.

Бир сўз билан айтганда, сайёр қабулда 573 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 529 таси шу куннинг ўзида ижобий хал этилди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019