Сайёр қабул: хўжаободлик аёл суд идораси ходимларидан нега норози бўлди?

23:09 01 Апрель 2019 Жамият
478 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Шу кунларда жойларда тўртта сектор раҳбарлари, МИБ, суд, ва солиқ идоралари раҳбарларининг фуқаролар мурожаатларини қониқтириш юзасидан сайёр қабуллари бўлиб ўтмоқда. Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида Ўзбекистон Республикаси Олий суди вакиллари ҳамда вилоятдаги мавжуд суд раисларининг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Мурожаат қилувчилардан бири Булоқбоши туманининг Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Азизбек Бектошев олий маълумотли. 2012 йилдан 2016 йилга қадар божхона соҳасида фаолият юритган. Сўнгги икки йиллик хизмат фаолиятини Наманган вилояти божхона тизимида ўтаган.

— Ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатилганман, — дейди Азизбек Бектошев. — Иш топилар экан, аммо адолатсизлик кишини енгиб қўяр экан. Менга нисбатан қўлланилган ноҳақликка ечим излаб келдим.

Хўжаобод туманининг Ордай қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳурматой Насирдинованинг ёлғиз ўғли автомашина ҳодисасида ҳалок бўлган.

— Ушбу воқеа билан боғлиқ ҳаракатлар Фарғона вилоятининг жиноят ишлари бўйича Водил туман судида кўриб чиқилди. Бироқ жабрланувчи сифатида оиламиздан ҳеч ким таклиф этилмади. Мутасаддиларга учрашсам, менга қўпол муомалада бўлишди ва менсиз ҳам суд муҳокама қилиши мумкинлигини айтишди. Додимни эшитадиган ҳеч ким йўқ. Ўғлимни қайтариб бўлмайди. Машина ҳайдовчисини ҳам айбламайман. У ҳам ҳалокат содир этай, деб йўлга чиқмайди, ахир. Бироқ суд маҳкамаси ходимларининг ҳурматсизларча муносабатига барҳам бериш керак. Мени адолатсизлик қийнаяпти.

Шу куни 50 га яқин мурожаатлар қабул қилинди ва уларнинг аксарияти ўз ўрнида қаноатлантирилди. Мурожаатлар таҳлили натижасида суд идоралари ходимлари ўртасида касбий тарбиявий ишларни шакллантириш, фуқаролар мурожаатларига бўлган масъулият ҳиссини ошириш, соҳада коррупцияга йўл қўймаслик каби масалаларда бажарилиши лозим бўлган вазифалар мавжудлиги ойдинлашди.

Суд раисларининг жойлардаги сайёр қабуллари давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019