Сайтлар таҳдидлардан қанчалик ҳимояланган?

12:22 28 Ноябрь 2018 Жамият
510 0

Иллюстратив фото

Интернет ҳеч қандай тўсиқ ва чегара билмайди. Бир қарашда у жаҳон аҳлини бир-бирига яқинлаштираётган бўлса, иккинчи томондан, илгари кузатилмаган янги таҳдидларни ҳам юзага чиқаряпти.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 миллиондан ошиб, ўтган йилга таққослаганда 36 фоиз ўсган. Шунга мос равишда электрон маконда ўзининг интерактив хизмат ва ахборотларини таклиф этаётганлар ҳам кўпаймоқда. Бугун 103 та давлат органи ўзининг расмий сайтига, 78 таси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига эга. Бироқ уларнинг хавфсизлиги қанчалик таъминланган?

Таҳлиллар ўтган даврда маҳаллий идоралараро ахборот ресурсларига хориж мамлакатлари ҳудудидан киберхуружлар сони ошганини кўрсатаётир. Ана шу 13 миллион 111 минг 553 та таҳдиднинг 832 минг 995 таси давлат органлари ахборот базасини яроқсиз ҳолга келтириб қўйиш даражасида хавфли бўлгани аниқланган. Шунингдек, жорий йилнинг учинчи чорагида “UZ” доменида жойлашган сайтларга ҳам 308 марта хуруж уюштирилган. Шундан 184 таси сайтларнинг бош саҳифасини ўзгартириш, 119 таси эса уларга бегона ахборотни жойлаштиришга уринишлар билан боғлиқ.

Президентимизнинг “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқарадиган бўлди. Бу эса амалиётдаги мавжуд муаммолар ечимига ҳам кенг йўл очади.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция ҳамда вазирликнинг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази тугатилади. Уларнинг ўрнига, иккита янги — Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда “Техник кўмаклашиш маркази” ДУК фаолияти йўлга қўйилади.

Булар юқоридаги каби хавфли хуружларга қарши яхлит бир ҳимоя қўрғонини барпо эта оладиган, ахборот технологиялари соҳасида интернет, телекоммуникация ва мобиль алоқа каби юзлаб хизмат турларининг сифатли ишлаши, жумладан, муаллифлик ҳуқуқларига амал қилиниши учун доимий назорат ўрнатадиган ташкилот бўлади. Қолаверса, юртимизга кириб келаётган хорижий электрон ахборот дастурлари қаторида, маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилаётган электрон маҳсулотларнинг мониторингини юритишни ўз қўлига олади, жараённи таҳлил қилиш, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш каби вазифаларни бажаради.

Марказ, шунингдек, ахборотлар маконидаги рухсатсиз ёхуд бузғунчи ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиладиган усуллар ва воситаларни таҳлил қилади, дастурий маҳсулотлар, ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация жиҳозлари, қолаверса, бошқа техник воситаларни аттестация, экспертиза ҳамда сертификациядан ўтказади, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ҳамда ресурслари ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашади. Интернет фойдаланувчиларини миллий сегментда пайдо бўлаётган таҳдидлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилади.

— Ҳозирги глобаллашув даврида ахборотни ҳам етказиш, ҳам қабул қилиш жараёни жуда тезлашиб кетди, — дейди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Баҳромжон Олматов. — Қарор билан жорий қилинаётган тартиблар, янги тузилган ташкилотлар ахборот тизимларининг узлуксиз ишлаши ҳамда четдан уюштирилаётган таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш билан бирга, давлат ахборот ресурсларини умумий электрон ҳукумат тизимига интеграциялашув жараёнини тезлаштиришга пойдевор яратади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда бу соҳада ҳам, яъни ахборот технологияларини жорий этиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича жаҳон стандартларига мос бўлган фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган муҳим қарор қабул қилинди. Ҳужжат мазкур йўналишда замондан ортда қолмай, юксалиш ҳамда ривожланиш орқали мамлакатни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан тараққий эттириш, жамиятни турли таҳдид ва хавф-хатарлардан муносиб муҳофаза қилиш имконини беради.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил
мультимедиа маркази материаллари асосида
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019