Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамасининг дастлабки натижалари қандай бўлди?

16:37 26 Сентябр 2018 Жамият
1017 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида МСК матбуот хизмати хабар берди. Мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган тавсиялар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳасининг кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамасининг бориши натижалари таҳлили билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди. Сайлов кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (www.regulation.gov.uz)да жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб сайти (www.elections.uz)да ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилди.

Сайлов кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳияти туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар, меҳнат жамоалари ҳамда ўқув муассасаларида кенг жамоатчилик ва сиёсий партиялар вакиллари, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзолари, депутатлар иштирокида қизғин муҳокама этилмоқда.

Ҳозиргача Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишлаб ҳудудларда жами 278 та тадбирлар ўтказилган бўлиб, уларда 29 854 нафар киши иштирок этган ва 436 та таклифлар билдирилган.

Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича билдирилган асосий таклифлар овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнлари, маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг хусусиятлари, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг фаолияти, номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан бўлди.

Ўтказилган тадбирлар оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилган. Хусусан, матбуотда ва интернет тармоғида ёритилган материаллар 193 тани ташкил этиб, 81 та - телевидение ва радиога интервью, информацион хабар ва кўрсатувлар шаклида берилган.

Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокомаси давом этмоқда. Келиб тушаётган таклиф ва тавсиялар тегишли ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Мажлисда 2018 йилнинг 6-7 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича тегишли давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан фикр алмашиш мақсадида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ва Венеция комиссияси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Делегация томонидан Ўзбекистонда Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш ва кейинги сайловларда сайловчиларнинг электрон рўйхати амал қилиши жорий этилаётгани ижобий баҳоланди. Ушбу ташриф натижаси юзасидан ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венеция комиссияси экпертларининг хулосаси тайёрланиб, жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Венеция комиссияси ялпи йиғилишига муҳокама этилиб тасдиқлаш учун киритилиши маълум қилинди.

Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг ноябрь ойида Бухоро шаҳрида миллий ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Сайлов кодекси лойиҳасининг хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамасига бағишлаб халқаро конференция ўтказишни режалаштирган.

 

Шунингдек, мажлисда Марказий сайлов комиссияси томонидан Сурхондарё, Навоий, Сирдарё, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисида бўшаб қолган ўринларга сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг янги аъзоларига Сенат аъзоси гувоҳномаси ва кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019