Сайхунободлик Бахтиёр Тоғаев тераклари етилмасдан Ҳаж зиёратига бориб келди

15:15 12 Сентябр 2018 Жамият
444 0
Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”.

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. “Теракларимиз етилса, пулига ҳаж зиёратига борамиз”. Сайхунободлик Бахтиёр Тоғаев ана шундай эзгу ниятда теракзор барпо этган эди. Аммо у дарахтлари етилмасдан бу ниятига эришди.

Гап шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил кўкламида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Сайхунобод туманида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида сўзга чиққан меҳнат фахрийси Бахтиёр Тоғаевнинг ибратли фаолиятига юксак баҳо бериб, у ва турмуш ўртоғи Назира аянинг бу йил муборак Ҳаж зиёратига имтиёзли равишда бориб-келишларини айтгандилар.

“Оллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, исломнинг улуғ арконларидан бири — Ҳаж ибодатини тўла-тўкис адо этиб келдик. Давлатимиз раҳбарининг камтарона меҳнатимизга кўрсатган юксак эътиборидан бошимиз осмонга етди. Кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Мамлакатимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш энг олий мақсад эканлигини ўз ҳаётимизда кўрдик ва дилдан ҳис этдик. Бугун биз биримиз ҳожи ота, биримиз ҳожи она бўлиб, ўзимизни янада бахтиёр ҳис этмоқдамиз. Давлатимиздан, ҳаётимиздан рози бўлиб, такрор-такрор шукроналар айтаяммиз. Ана шундай имкониятни бизга яратиб берган Президентимиздан миннатдормиз”, - дейди Бахтиёр ҳожи Тоғаев.

Бахтиёр Тоғаевни бекор ётган ерда шовуллаган теракзор яратган боғбон сифатида кўпчилик яхши билади. Жорий йил баҳорида автомобиль йўли четидаги ана шундай қаровсиз майдонга яна 12 минг туп ниҳол ўтқазди. Шу билан бирга ҳовлисида асалари ҳам боқади.

Айтиш лозимки, Бахтиёр Тоғаевга кўрсатилган юксак иззат-икром нафақат унинг оиласи, балки бутун туман ва Сирдарё вилояти аҳолисини ҳам руҳлантириб юборди. Буни биргина вилоятда асаларичилик билан шуғулланишга киришган оила ва фермерларнинг сезиларли равишда кўпайганлиги, томорқалардан фойдаланиш даражаси янада ошганлиги ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларининг авж олганлигидан ҳам билса бўлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар