Саида Мирзиёева: Яна бир бор ғурур билан айтаман, биз уддаладик!

09:56 04 Октябр 2020 Маданият
620 0

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўзбекистонлик ва туркиялик ижодкорлар ҳамкорлигида яратилган ҳамда кеча тақдимоти бўлиб ўтган янги кўп қисмли «Мендирман Жалолиддин» тарихий бадиий фильми ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди:

"Отам Самарқанд вилоятининг ҳокими лавозимига тайинланиб, биз Жиззахдан Самарқандга кўчиб келганимизда, бу шаҳар менда қандай таассурот қолдирганини жуда яхши эслайман. Отам озгина бўш вақт топдилар дегунча, бизга Самарқандни кўрсатар, тарихий обидалар билан таништирар ва буюк тарихий шахслар ҳақида сўзлаб берар эдилар. Бўш вақтимда тез-тез ўша қадимий масканларни зиёрат қилар, буюк қаҳрамонлар ҳаётини ўрганар эдим. Шоҳи Зинда, Бибихоним, Регистон майдонида юрар эканман, хаёлимда ўша тарихий даврларни тасаввур қилар эдим. Гўё атрофимда бир неча аср олдинги ҳаёт қайнаётгандек, сершовқин бозорлар, отларнинг кишнаши ва сарой саҳналари... 

Тасаввуримдаги ўша ажиб воқеалар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган. 
Ва бир кун келиб, имкони бўлиши биланоқ, ушбу тарихий шахслар ҳақида бирон фильм олинишига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ният бўлар эди. Чунки, фақат фильмлар орқалигина ўша манзарани тасвирлаб бериш мумкин, деб ўйлардим. Бир сўз билан айтганда, менинг тарихга бўлган қизиқишим айнан Самарқанддан бошланган. 

Йиллар ўтиб, тақдир тақозоси билан мен Ўзбекистон имиджини хорижий давлатларда шакллантириш, матбуот ва тарғибот ишларига масъул бўлиб фаолият юритишни бошладим. Ва шу аснода, бундан бир ярим йил олдин ҳозирги маданият вазиримиз Озодбек Назарбеков Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериални турк ҳамкасблари билан суратга олиш таклифини берди. Албатта, биз бу ғояни қўллаб қувватладик. Чунки, ўзингиз яхши биласиз, афсуски ўзбек миллий киночилигида тарихий шахслар, буюк алломаларимиз ҳаётига бағишланган сериаллар деярли йўқ даражада. Сериаллар яратилиши эса нафақат тарихни ўрганиш, балки буюк боболаримиз ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини беради. Бундай сериаллар ҳар бир ўзбек миллати вакилида миллий ғурурни шакллантиради, ўзбек халқининг қаддини янада баланд кўтаради. 

Жараён бошланди. Orient Finans Bank бу лойиҳани тўлиқ молиялаштиришга рози бўлди. Туркия ижодкорлари билан ҳамкорликда 30 гектарлик ерда суратга олиш майдонлари яратилди, Жалолиддин саройи, жанг майдонлари барпо этилди, ўша даврдаги миллий кийимларимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг ҳар бир деталларига алоҳида ёндашув бўлди. Ўзбек ва турк актёрлари эса қиличбозлик, отда жанг қилишдан тортиб, то кунлик жисмоний тайёргарликни ҳам ўтадилар. Ҳаммаси жуда яхши кетаётган эди, лекин бирданига пандемия балоси бизнинг ишга ҳам жиддий зарар келтирди. Карантин даврида суратга олиш ишлари режадан чиқиб кетди. Қанчадан қанча ижодкорлар Туркияда яшаб, ўша ерда сабр қилишига тўғри келди. Очиғини айтаман, мен бу лойиҳамиз бу йил якунланишига шубҳа қила бошладим. Лекин Аллоҳнинг қўллаб-қувватлаши, фидойи ижодкорларимизнинг саъй-ҳаракати билан мана, бугун тақдимот кунигача ҳам етиб келдик. 

Бугун ушбу сериалнинг биринчи қисмини намойиш қилдик. Албатта, бу сериал турли баҳс, мунозара, балки танқидларга ҳам учрар. Биз бунга тайёрмиз. Биз фикрлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар бир фикрни ҳурмат қиламиз. Ва нима бўлганида ҳам, олдимизга қўйган ҳар бир режамизни охирига етказамиз. Бу лойиҳани ҳам уддалай олдик, деб ўйлайман. Бунинг учун барча ижодкорларга, актёрларимизга, ҳомий Orient Finans Bank раҳбариятига, Маданият вазирлигига ва шахсан Озодбек Назарбеков ҳамда лойиҳа бош продюсери Меҳмет Бўздағга миннатдорлик билдирмоқчиман. 

Яна бир бор ғурур билан айтаман, биз уддаладик!" 
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?