Сафарбарлик масъулияти

09:35 05 Июнь 2018 Сиёсат
394 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги юмушлари муҳокама этилиб, мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари томонидан катта меҳнат ва харажат билан етиштирилган ҳосилни тўла сақлаб қолиш мақсадида соҳа вакиллари билан биргаликда барча бўғиндаги депутатларнинг ҳам сафарбарлиги ҳамда масъулиятини ошириш таклифи илгари сурилди.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари бу борада жойларда қатъий ҳамда самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида худудларда бўлиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларини ўтказмоқдалар. Уларда қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратишнинг қўшимча чоралари тўғрисидаги масала муҳокама этиляпти.

Хусусан, видеоселектор тарзида ташкил қилинган халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши сессиясида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ўта мураккаб, нозик ҳамда кўп меҳнат талаб этадиган соҳа эканлиги, айниқса, сувдан фойдаланишда оқиллик ва тежамкорликни талаб қилиши алоҳида таъкидланди. Дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ҳаётий масала ечими ҳам айнан сув билан боғлиқ бўлмоқда.

Сессияда асосий эътибор амалий ҳаракатларга қаратилди. Жумладан, вилоятда сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб борувчи штаб тузилиб, унинг аъзолари аниқлаб олинди. Шунингдек, бу йўналишда депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини таъминловчи гуруҳлар ҳам шакллантирилди.

— Бу йил баҳор қуруқ келди, сув тақчиллиги сезилмоқда, — дейди тадбирда сўз олган Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Аҳмедов. — Бинобарин, юртимиз, жумладан, Бухоро вилояти табиий иқлим шароитида обиҳаётнинг ҳар томчисидан ўринли фойдаланмай туриб, кўзда тутилган ҳосилни етиштириш мушкул. Бу мақсадга эришиш учун нафақат қишлоқ хўжалигига дахлдор, балки бошқа корхона ва ташкилотларни ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Сессияда Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мамлакатимиз фермерларига Мурожаати ўқиб эшиттирилди. Албатта, бу зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Эътиборли жиҳати, айни масала юзасидан парламент вакиллари, хусусан, депутатлар ҳам бевосита кўмак кўрсатмоқда.

Сессияда соҳа мутахассислари сувдан унумли фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар ҳақида тўхталиб, ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини ўртага ташладилар. Жумладан, ғўзани каналлар бўйича навбатлаб суғориш тартиби истиқболлидир. Бу усул ғаллани суғориш даврида қўлланилганида, кутилганидек натижа берди.

Навбатлаб суғориш туфайли каналдаги сув исрофини 20, ўқариқлардаги сув исрофи эса 35 фоизгача камаяди. Экинни томчилатиб суғориш, эгилувчан қувурлардан фойдаланиш ҳам сув тақчиллигини юмшатишга хизмат қилади.

Тадбирда сувчиларга қулайликлар яратиб бериш, суғориш маданияти, обиҳаёт тақчиллигини юмшатишга оид агротехник юмушларни бажариш, гидротехник иншоотларни тозалаш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, пировардида зарбдор ойликни намунали ўтказиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида сув ресурсларининг танқислиги йилдан-йилга ортиб бораётган ҳозирги мураккаб шароитда мавжуд имкониятлардан самарали ҳамда тежамкорлик билан фойдаланиш тақозо этилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Бугунги кунда вилоят ҳудудидаги Чорбоғ, Тошкент, Оҳангарон сув омборларида жами 

2 миллиард куб метр сув захираси мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич 2017 йилдагига нисбатан 

93 фоизни, ўртача кўп йиллик кўрсаткичга нисбатан эса 

88 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳудуддаги мавжуд сув ресурсларининг етишмовчилиги 501 миллион куб метрга тенгдир.

Тошкент вилояти учун белгиланган, чекланган сув миқдори, асосан, Чирчиқ, Оҳангарон дарёларидан ҳамда Сирдарёдан, шунингдек, коллектор-дренаж ва ер ости сувларидан олинади. Соҳа мутахассислари мавжуд экинларнинг вегетация даврида сувга бўлган талабини ҳисоблаб, жами 3 миллиард 570 миллион куб метр сув сарфланишини аниқладилар. Лекин бу кўрсаткич 80 — 85 фоиз миқдорида қопланиши ҳозирданоқ маълум бўлиб турибди.

Сессияда ана шундай мураккаб бир шароитда сувни оқилона сарфлашнинг йўл-йўриқлари муҳокама этилиб, бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, 2018 йил мавсумида экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш ҳамда сув танқислиги салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида вилоят бўйича 2500 гектар майдонда ўқариқлар ўрнига эгилувчан қувурлар орқали суғориш технологиясини татбиқ қилиш лозим. Ушбу мақсадда давлат дастури ишлаб чиқилган. 125 та фермер хўжалиги рўйхати шакллантирилиб, мазкур дастурнинг бажарилиши учун тармоқ жадваллари тасдиқланган. 106 та шартнома расмийлаштирилди. Бу билан 2120 гектар майдонда янги технология жорий этилади.

Сессияда суғориш ишларини ташкил қилишда айрим муаммолар борлигига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, фермер хўжаликлари томонидан суғориш ишларига сувчи-мироблар етарли миқдорда жалб этилмаяпти, уларнинг иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаяпти. Сувни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, навбат билан суғоришга риоя этмаслик, мансабдор шахс-ларнинг сув тақсимотига аралашуви, суғориш тармоқларидан ноқонуний равишда сув олиш ҳолатлари мавжуд. Тунги суғориш ишларига амал қилмаслик, дала майдонларини суғоришга ўз вақтида тайёрламаслик, шарбат усулида суғоришга эътибор бермаслик, ўқариқларнинг ҳаддан ташқари узун олинаётгани, суғориш тармоқларининг ўз вақтида тозаланмаётгани ҳам умумий ишга жиддий тўсиқ бўлаётган омиллардандир.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Ишни назорат қилиш ҳамда сувдан фойдаланиш самарадор-лигини ошириш мақсадида вилоят ва туманлар кесимида махсус штаблар ташкил этилди.

Сессияларда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар