С. Босан “Ўзбекистон техникалари Европадаги муқобилларидан асло қолишмаслиги қаторида нарх жиҳатидан жозибалироқдир”

15:57 23 Апрель 2018 Иқтисодиёт
424 0

Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Ж. Хўжаев бошчилигидаги делегациянинг Покистонга амалга оширган ташрифи якунланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Сафар чоғида мезбон давлат қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, молия ва иқтисодий алоқалар, ташқи ишлар, тижорат ва тўқимачилик саноати вазирликларида музокаралар ўтказилиб, турли соҳаларда келишувлар ҳамда битимлар имзоланди. Исломобод шаҳрида Ўзбекистон — Покистон ишбилармонлари кенгаши ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўз навбатида, Равалпинди Савдо-саноат палатаси ҳамда Покистон — Ўзбекистон савдо ва маданият маркази билан ҳамкорлика иккита бизнес-форум ўтказилди. Мазкур тадбирларда Покистоннинг 170дан ортиқ компанияси қатнашди.   

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган техника Европадаги муқобилларидан асло қолишмаслиги қаторида нарх жиҳатидан жозибалироқдир. Покистоннинг бугунги кунда биргина тракторларга бўлган эҳтиёжи йилига 20 минг дона эканлигини инобатга олсак, биз ўзбек техникаларини олиб келиш ва Покистон ҳудудида йиғишни йўлга қўйишдан манфаатдормиз”, — деди Покистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги федераль вазири С. Босан.

Ўтказилган барча музокаралар якунида фармацевтика, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 35,5 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди. Шунингдек, Покистонга дуккакли ва қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, чарм ва нефть-газ маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 8,7 миллион долларлик келишувга эришилди. 
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар