Бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари бекор қилинмоқда — Президент Фармони

23:00 24 Август 2020 Ҳужжатлар
439 0

Иллюстратив фото

Шавкат Мирзиёев «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

Унга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

➖ 37 та лицензияланадиган фаолият ва 10 та рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади;

➖ 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;

➖ 17 та лицензия ва 14 та рухсатнома хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланди;

б) қуйидагилар бекор қилинди:

➖ кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;

➖ дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;

➖ ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.

Шунингдек, Президент фармонига биноан, 2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди ва уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарликка тортиш ва бошқа чоралар қўлланилиши тақиқланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?