Боғча тарбияланувчилари Республика олимпия захиралари коллежига саёҳат уюштирди (Фото)

14:33 06 Июль 2018 Спорт
303 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Чилонзор туманида жойлашган 429-мактабгача таълим муассасасининг жажжи тарбияланувчилари Республика олимпия захиралари коллежига ташриф буюрдилар ва бу ерда фаолият юритаётган, ҳар йили мамлакат, Осиё ва жаҳон биринчиликларида ўнлаб чемпионларини етиштириб бераётган ўқув даргоҳидаги турли спорт йўналишлари билан танишдилар.

Фото: Ҳасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Ушбу тадбир коллеж ва Чилонзор тумани мактабгача таълим бўлими ўртасида тузилган “Спортга илк қадам” лойиҳасини ўтказиш бўйича имзоланган меморандум асосида ўтказилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад тумандаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини оммавий спорт турларига қизиқишларини эрта уйғотиш ва уларни доимий равишда спортга жалб қилишдир. Меморандумга биноан йил давомида олимпия коллежига боғча тарбияланувчиларининг мунтазам ташрифларини ташкил қилиш, “Чаққон болажон” шиори остида қувноқ стартлар мусобақалари, “Яшил майдон юлдузчалари” футбол турнири, “Олтин тож” шахмат-шашка ўйинларини ўтказиш белгилаб олинган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Илк ташриф куни болажонлар от спортига ихтисослаштирилган спорт комплексида бўлишди. Турли мусобақаларда қатнашувчи отларнинг “ҳақиқийсини” кўриш, уларнинг парвариши ва ҳар хил чемпионатларга тайёргарлик жараёни ҳақида эшитиш боғча тарбияланувчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ҳозирги кунда юртимизда энг оммавий спорт турларидан бирига айланган бокс бўлими ҳам болажонларни ўзига жалб этди ва шу ернинг ўзида бу спорт тури бўйича кичик мусобақа ташкил этишга ҳам тўғри келди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Эркин ва юнон-рум курашлари залларига кириб келган жажжи меҳмонларга нафақат коллеж ўқувчилари, балки Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ҳам ҳамроҳ бўлдилар. Болажонлар Республика олимпия захиралари коллежининг барча бўлимлари, ётоқхоналар ва дам олиш хоналари, кутубхоналар, сузиш ҳавзаларида бўлиб, яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ботир Ғофуров.

XS.UZ маълумоти:
1961 йилда спорт мактаб-интернати сифатида фаолият бошлаган, 2001 йилда эса Олимпия захиралари коллежи этиб қайта ташкил қилинган ушбу коллеж мамлакат спортининг довруғини бутун дунёга ёйиш, турли спорт йўналишлари бўйича чемпионлар етиштириш борасида юртимизда етакчи таълим муассасаси ҳисобланади. Айни пайтда коллежда 20 дан ортиқ спорт турлари бўйича 700 га яқин ёшлар таҳсил олмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар