Ротавирусга қарши сифатли вакцина Ўзбекистонга арзонлаштирилган нархларда олиб кирилади

10:37 10 Январь 2020 Жамият
149 0

“Жўшқин Гужарат — 2019“ Халқаро инвестицион саммити доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ҳиндистоннинг “Bharat Biotech” компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра, “Bharat Biotech” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ротавирус инфекциясига қарши янги Rotavac вакцинасини етказиб беришга келишилган эди.

Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Bharat Biotech” компанияси ўртасида олиб борилган музокараларга кўра, мамлакатимизга ушбу вакцинанинг 1 дозасини 0,85 АҚШ долларида етказиб беришга келишилди. Авваллари ротавирусга қарши вакциналарнинг 30 фоизи UNICEF вакцинация дастурининг ҳамкори бўлган Глобал вакцинация ва иммунизация альянси (GAVI) томонидан молиялаштирилиши ҳисобига вакцинанинг 1 дозаси 2,29 АҚШ долларга харид қилинган.

Шунингдек, вазирлик томонидан ушбу компанияга Rotavac вакцинасини республикамизда давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатилди. Ротавирус инфекциясига қарши қўлланиладиган Rotavac вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта квалификациядан ўтган. Уни жаҳоннинг барча давлатларида қўллашга рухсат берилган. Компания эса бир қатор халқаро компаниялар ва жамғармалар билан ҳамкорлик натижасида мазкур вакцинани 2014 йили Ҳиндистон бозорига таклиф этишга муваффақ бўлган. Компания берган маълумотларга кўра, уни яратиш учун 200 миллион АҚШ доллари инвестиция қилинган.

Ротавирус асосан чақалоқларда ва кичик ёшли болаларда ошқозон-ичак касаллигини келтириб чиқарувчи вирус бўлиб, организмни сувсизланишига олиб келади. Болаларда касаллик қусиш ва тана ҳароратининг юқорилиги билан кечади. Ротавирус ёки халқона тилда ошқозон гриппи деб аталадиган ушбу касалликка қарши тиббий препаратлар мавжуд бўлмаганлиги боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ротавирусга қарши эмлаш амалиётини қўллашни тавсия этади. Ҳиндистоннинг “Bharat Biotech” компанияси томонидан яратилган юқори сифатли ва иқтисодий самарадорликка эга бўлган Rotavac вакцинаси қатор хорижий мамлакатларда чақалоқларни эмлашда фойдаланилмоқда. Демак, ушбу нисбатан арзон ва сифатли вакцинани очиқ тендерда қатнашиши ва Ўзбекистон бозорига кириб келиши аҳолини эмлаш қамровини янада кенгайтиради, фарзандларимизнинг соғлом ва бақувват ўсишларига хизмат қилади.

“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019