Россиянинг Томск тумани 2020 йил Наманганда картошка уруғчилиги бўйича йирик марказни ишга туширмоқчи

17:55 13 Декабрь 2019 Жамият
331 0

Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камолов Россия Федерацияси Томск тумани раҳбари Александр Терешенко билан учрашув ўтказди. 

Учрашувда қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва маданий соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот аввалида меҳмонларга Наманган вилояти ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Наманганда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик соҳалари жадаллик билан ривожланмоқда, — дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камолов. — Кластерларнинг ташкил этилаётгани, хом-ашё етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларнинг бир тизимга солинишига хизмат қилмоқда. Тўқимачилик соҳасида 1600 дан ортиқ корхоналар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ўндан ортиғи бренд даражасига чиққан ва ўз маҳсулотлари Европанинг Англия, Италия, Германия каби мамлакатларига экспорт қилмоқда. Машинасозлик соҳасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мева-сабзавот етиштириш, боғдорчилик бўйича тизимли ислоҳотларни амалга оширилиши туфайли юқори натижаларга эришилмоқда.

 Наманган ва Томск  алоқалари узоқ тарихга бориб тақалади. 

— Сафарга чиқишимдан аввал бир ҳужжатни ўргандим, — деди Томск тумани раҳбари Александр Терешенко. — Наманган ва Томск вилоятлари раҳбарлари 1990 йилда ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашган экан. Бизда кўплаб ўзбек тадбиркорлари фаолият юритишади. Улар ўзларининг ҳалоллиги ва бир сўзлилиги билан раҳбарлар ва маҳаллий аҳоли ишончини қозонган. Томск тумани вилоят агломерациясининг маркази ҳисобланади. У қурилишлар туфайли тобора янги кўриниш олиб бормоқда. Туманимиз ҳудудида йирик агрофирмалар ҳам жойлашган. Картошка етиштириш бўйича илғорлар қаторидамиз. Айнан бу борада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишимиз мумкин. Чунки сизларда картошкага бўлган талаб юқори. 2020 йилда картошка уруғчилиги бўйича йирик марказни ишга туширмоқдамиз. Паррандачиликка ихтисослашган 2 та йирик заводимиз мавжуд. Шунингдек, учта катта фермамиз сутчилик йўналишида фаолият кўрсатади. Улар энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган. Аграр соҳадаги ҳамкорлик ҳам устувор йўналишлардан бири бўлиши мумкин.

Учрашув чоғида ўрмон ресурслари, ёғоч маҳсулотлари етказиб бериш бўйича имкониятлар ҳам муҳокама қилинди. Томск делегацияси вакиллари учрашувдан сўнг вилоятдаги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектлари фаолияти билан танишдилар. Уларга истиқболдаги ҳамкорлик лойиҳалари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

 “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?