Россиянинг “Культура” телеканали Ўзбекистон ҳақида туркум фильмлар суратга олишни бошлади

19:33 26 Октябр 2018 Маданият
1056 0

“Россия-Культура” телеканали Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” деб номланган ҳужжатли фильмлар туркумини суратга олиш ишларини бошлаб юборди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири Дилшод Каримов хабар берди.

Фильмларда Буюк Ипак йўли тарихи, Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган цивилизациялар, 130 дан ортиқ миллатлар тинчлик ва биродарликда яшаб келаётган қадимий мамлакатнинг бағрикенглиги, ўзбек миллий санъати, илм-фани, меъморчилиги, миллий таомлари ва пазандачилик анъаналари ҳақида сўз юритилади. Фильмлар Ўзбекистоннинг қадим даврдан бошлаб то бугунги кунга қадар бўлган маданий ва тарихий ривожланишининг асосий жиҳатларини қамраб олиши кутилмоқда.

— Биз россиялик телетомошабинларга Ўзбекистон тўғрисида севги ҳақида қадимги халқ афсоналари: юртга садоқат, санъат ва илм-фанга меҳр-муҳаббат, буюк саркардалар, жангчилар севгиси, инсоний ҳис-туйғуларнинг буюк тарихлари орқали сўзлаб бермоқчимиз, — дейди лойиҳа муаллифи ва продюсери Фирдавс Абдуҳолиқов. — Зеро, уларсиз ўзбек халқи шундай ажойиб меъморий, шеърий, мусиқий меросни яратмаган бўлар эди. Тасвирга олиш ишларида Ўзбекистоннинг етакчи архитекторлари, тарихчилари, диний муассасалари раҳбарлари, ўлкашунослари, илм-фан ва маданият арбоблари, таниқли ошпазлари қатнашади.

Ҳужжатли фильмлар сценарийси муаллифи Татьяна Басова лойиҳа ҳақида шундай дейди:

— “Россия-Культура” телеканали ва ЎЭОАВМА ҳамкорлиги “Ўзбекистон: қўлга киритилган кашфиётлар” фильмидан бошланган бўлиб, у бир йил аввал экранларга чиқарилган эди. 25 йил ичида Ўзбекистон тўғрисида биринчи бор суратга олинган ушбу картина, таъкидлаб ўтишим керак, россияликларнинг назари ва янги Ўзбекистоннинг ХХI аср воқелигидаги талқини бўлган. Фильм юқори рейтингга эга бўлиб, телетомошабинларимизда катта қизиқиш уйғотди. Айнан шунинг учун биз ишни давом эттиришга қарор қилдик.

“Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” ҳужжатли фильмлар туркуми ЎЭОАВМАнинг Россия телеканаллари билан биргаликдаги бешинчи лойиҳаси ҳисобланади. Бундан аввал “Ўзбекистон — қумликлар жавоҳири”, “Қорақалпоғистон: вақт қумлари оралаб”, “Ўзбекистон: қўлга киритилган кашфиётлар”, “Нукус. Номаълум коллекция” фильмлари яратилган эди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019