Россиянинг Хитойдаги элчиси вазифасини бажарган юртдошимиз ҳақида биламизми?

12:27 03 Февраль 2020 Маданият
470 0

Архив сурати

Тарих бағрида не–не сиру–синоатлар яширин. У чанг–ғуборлардан тозаланган сайин ғаройиб воқеалар юзага чиқа боради. Мана, ХVII асрнинг 50-йилларини олиб кўринг. Россия подшоси Алексей Михайлович Хитой билан узилиб қолган савдо–сотиқ ва элчилик алоқаларини тикламоқчи бўлади-ю аммо ниятига етолмайди. Унинг элчиларини Хитой императори қабул қилмай ортга қайтариб юборади. Чунки бу пайтда чинлар ёпиқ сиёсат олиб бораётган эди.

— Рус подшоси шунда Россияда савдо–сотиқ билан машғул бўлган бухоролик Саидқул исмли савдогарни ўз номидан Хитойга элчи қилиб юбориш фикрига келади, — дейди Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов. — Чунки Саидқул “Маликул тужжор” яъни савдогарларнинг бошқони бўлиб, шуҳрати Хитойгача ёйилган эди.

Алексей Михайлович таклифига биноан Москвага келган Саидқул 1656 йилда рус элчиси сифатида биринчи марта Хитойга боради. Уни иззат–икром билан кутиб олишади. Зукко, иш кўзини билган бу аждодимиз воситачилигида Россия — Хитой ўртасида шартнома имзоланиб, савдо–сотиқ йўлга қўйилади, дипломатик алоқалар ўрнатилади. Манбаларда айтилишича, Саидқул Россияга 33 газ духоба, 209 газ ипак газлама, кумуш пиёлалар ва бошқа буюмларни Хитой императоридан Россия ҳукмдорига совға-салом тарзида олиб келган.

— Шундан кейин ҳам Саидқул Хитойга икки бор элчи сифатида борган, — дея давом этади олим. — Рус ҳукмдорининг ишончини қозонган юртдошимиз учинчи сафарида Россиядан Хитойга бозори чаққон маҳсулотларни келтирган. Унга бир гуруҳ рус–татар вакиллари ҳамда бухоролик Раҳматилла исмли савдогар ҳамроҳлик қилган. Йўлда Саидқулга Бухоро савдогарларининг карвони ҳам қўшилган. Улар Пекиндаги “Бухоро” карвонсаройига жойлашганлар. Бу гал ҳам Хитой императори Саидқулни яхши кутиб олган ва унга божсиз савдо–сотиқ қилиш ҳуқуқини берган. Император саройида унинг шарафига базм уюштирилган. Саидқулга кўрсатилган иззат–икромни кўриб, рус–татар вакиллари ҳайратда қолишган.

Ҳа, ортга назар ташласак, донишманд ота–боболаримиз кўплигини кўрамиз. Қалбимизда фахр–ифтихор туйғуси уйғонади. Ғурурланамиз. Саидқулга келсак, афсуски, унинг кейинги тақдири тўғрисида маълумотга эга эмасмиз.

Аммо шуниси аниқки, ўтмишда Саидқул каби билимли, зукко, муомала маданияти юксак юртдошларимиз кўп бўлган. Зеро, ҳукмдорлар эшиги ҳаммага ҳам очилавермайди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?