Россиялик ёшлар: “Ўзбек тилини ўрганишга қизиқишимиз тобора ортиб бормоқда”

11:16 18 Октябр 2019 Жамият
172 0

Иллюстратив фото

Москва давлат лингвистика университетида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган ўқув-маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.

Учрашувда олий ўқув юрти профессор ва ўқитувчилари, ўзбек тилини ўрганаётган россиялик талабалар қатнашди. Тадбирда сўзга чиққанлар қайд этганидек, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили ўзбек халқи учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.

2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда у ҳаётимизнинг барча жабҳасида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилаётгани баробарида, халқаро майдонда унга бўлган қизиқиш кейинги вақт да кескин ошди.

Тадбир иштирокчилари мамлакатда миллий тилнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юксак баҳо бердилар. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани ўзбек тилининг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтариш имконини берди. Ўз навбатида, Россиянинг қатор олий ўқув юртлари, жумладан, Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети), Москва давлат университети, Москва давлат лингвистика университетида ва бир неча ҳарбий олий ўқув юртларида иккинчи тил сифатида ўқитилади. Россиялик талабалар нафақат Лутфий ва Алишер Навоийнинг бетакрор ғазаллари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг гўзал рубоийлари, Аҳмад Яссавийнинг доно ҳикматлари, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳорнинг насрий асарлари, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеърларини аслида ўқиб, ўзбек тилининг бетакрор жозибасидан баҳраманд бўладилар.

Учрашув давомида Москва давлат лингвистика университети талабалари ўзбек тилининг турли жиҳатлари, ўзбек мумтоз ва замонавий шоир ҳамда ёзувчилари, ўлкамиз тарихи ва бугунги тараққиётига бағишланган тақдимотлар билан чиқдилар. Талабалар томонидан ўқиб берилган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазал ҳамда рубоийлари, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидовнинг шеърлари тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Бўлиб ўтган мулоқот якунида унинг иштирокчилари бир овоздан доимий равишда фаолият юритадиган “Ўзбек тили дўстлари” клуби ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Мухбиримиз билан суҳбатда Москва давлат лингвистика университети магистранти Филипп Захаров қайд этганидек, ўзбек тилини ўрганган инсон унинг гўзаллиги ва жарангдорлигидан ҳайратга тушади. 

— Биз ўзбек тили деганда, энг аввало, буюк Алишер Навоийни ёдга оламиз. Ҳар йили Москвада ул зотга ўрнатилган -ҳайкални бориб зиёрат қиламиз. Навоийнинг шеър ва ғазалларида ўзбек адабий тилининг асл гўзаллиги яққол намоён бўлади, — деди Ф. Захаров.

Мазкур олий ўқув юрти иккинчи босқич талабаси Мария Шатова ўзбек тилини нисбатан қисқа муддат мобайнида ўрганаётанига қарамай, тилимизда бурро гапиришга ўтди. 

— Мен ўзбек тилини севаман. Ўзбек қизлари ниҳоятда гўзал, уларнинг рақслари эса ундан ҳам чиройлидир. Шу сабабли келажакда ўзбек миллий рақслари бўйича тадқиқот қилиш ниятидаман. Ҳозирги кунда Сурхондарё, Хоразм шеваларини ўрганмоқдаман, — деди суҳбатдошимиз.

Москва давлат тилшунослик университети иккинчи босқич талабаси Жайхун Гасанли:

— Ўзбек тили ва маданияти менга жуда ҳам ёқади. Келажакда Ўзбекистонда ишлашни орзу қиламан. Шу сабабли ҳозирги кунда ўзбек тилини чуқур ўрганяпман. Амалиёт дарсларимизда Ўзбекистонга оид янгиликларни тайёрлайман. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳурматим ниҳоятда баланд бўлиб, ўз илмий ишимни ушбу етакчига бағишламоқчиман.

— Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Москва давлат лингвистика университети ўртасидаги шартномага асосан, бу олий ўқув юртида 2010 йилдан бери ўзбек тили иккинчи тил сифатида ўқитиб келинмоқда, — дейди мазкур олий таълим даргоҳи ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди Беғам Қораева. — Талабаларимиз ўзбек тили, маданияти, халқ оғзаки ижоди, мамлакатимиз тарихи ва замонавий тараққиётига катта қизиқиш билдирмоқда. Талабаларимиз ҳар йили Алишер Навоий таваллудига бағишланган тадбирларда фаол қатнашади. Университетда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан биргаликда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишлаб Москвада илк марта илмий-маърифий анжуман ўтказдик. Келгуси йилда ўзбек тилини ўрганаётган талабаларимиз учун Ўзбекистонга саёҳат уюштиришни режалаштирмоқдамиз. 

Умуман олганда, ўтган йиллар мобайнида ўзбек тилини ўрганган уч гуруҳ талабалар ўқув юртини тамомлаб, бугун Россиянинг турли давлат идораларида масъул лавозимларда ишлаб келмоқда.

«Дунё» АА.
Москва


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019